Александр Хомяков: "Жамоамиз мухлисларини алоҳида табриклайман"

“Локомотив” – “Андижон” (1:2) ўйинидан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар устози Александр Хомяков иштирок этди.

- Ғалабадан хурсандман. Жамоамиз мухлисларини алоҳида табриклайман. Улар узоқ йўл босиб келишди ва бизни тинимсиз қўллаб туришди. Бунинг учун улардан миннатдормиз. Қийин учрашув бўлишини билгандик ва биз кутган ўйин бўлди. Худога шукурки, ҳужумларда самарали ҳаракат қилдик ва ижобий натижага эришдик. Афсуски, кейин ўйинни бироз “ташлаб” юбордик ва дарвозамиздан битта тўп олиб чиқдик. Натижани ушлаб қолиш учун жиддий курашдик. Бир қанча вазиятларда дарвозабонимиз бизни голлардан сақлаб қолди. Рақиб ҳам яхши ўйин кўрсатди, хавфли ҳужумлар уюштирди. Захирадан бир қатор ўйинчи алмаштиришларни қилдик. Ўйинни яхши томонга ўзгартира олдик. Баъзи вазиятларда тўпни ўз назоратимизга олишни йигитларга уқтиргандик. Аммо рақиб бунга йўл қўймади. Улар охиригача ҳаракат қилишди. “Локомотив” ҳурматга лойиқ жамоа. Ўз йигитларимга миннатдорчилик билдираман. Улар кўрсатмаларимни вақтида ва тўлиқ бажаришди. Жамоамни ғалаба билан табриклайман.

- Захирадан майдонга тушганлар жамоа ўйинини унчалик кучайтира олмаяптилар. “Сурхон” билан учрашувда ҳам шу каби ҳолат кўзга ташланганди...

- Тўғри айтдингиз, баъзи ҳолатларда шундай бўлди. Бу менталитет билан боғлиқ, деб ўйлайман. “Сурхон” билан ўйинни эсга олдингиз. Ўйин асабий якунланганди. Чунки 3 та фарқи билан олдинда эдик, кейин иккита тўп ўтказиб юборгандик. Майдонга футболчи туширилаётганида ниманидир режалаштирамиз. Лекин ҳар доим ҳам бу яхши натижа келтирмаслиги мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйинни “ташлаб” юбормаслик керак. Бизга баъзи вазиятларда тажриба етишмаяпти. Албатта, буларни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз.

- “Андижон” 1-ўринга кўтарилди. Жамоа шу барқарорлигини қанча вақт ушлаб қола олади?

- Албатта, дастлабки турлардаги йирик ҳисобни мен ҳам кутмагандим. Баъзида омад бизга кулиб боқди. Яна баъзида рақиб ҳимоячилари хатога йўл қўйди. Турдан-турга жамоа ўйини янада шаклланиб яхши кўриниш олмоқда. Кейинги учрашувларда жамоамиз ўйин сифатини янада ошириш учун бизда имконият бўлади.

- “Андижон”ни мана шундай доимий ғалаба қозонадиган ва очко оладиган жамоа сифатида кўрсак бўладими?

- 5 та турдан кейин бирор-бир фикр билдириш қийин. Куз фаслига жуда кўп нарса боғлиқ. Албатта, чемпионатнинг турнир жадвалида доимий равишда юқори ўринда турсак бундан жуда хурсанд бўламан. Ҳар бир учрашувда фаол ҳаракат қилиб, максимал даражада тўп сурсак ижобий натижаларни қўлга киритиш мумкин.

“Андижон” матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Имомали олимов
05/04/2024 08:37
Омад. Андижане
&
Bek 56
05/04/2024 04:25
Яшанг жаноб Хомяков барчага галаба муборак