Александр Хомяков "Машъал"нинг Муборакда "Локо"ни енгга олмаётгани ҳақида: "Эслатиб қўйганингиз яхши бўлди, энди..." ёхуд дарвоза тўрлари яхшилаб текшириляптими?
4-6 май кунлари Ўзбекистон Coca-Cola Суперлигасининг 7-тур беллашувлари ўтказилади. Бир-биридан қизиқарли кечиши кутилаётган ўйинлар орасида “Машъал” – “Локомотив” тўқнашуви ҳам бор. Ушбу баҳс 5 май куни Муборакдаги “Баҳром Вафоев” номли стадионда бўлиб ўтади.
Охирги пайтларда ўйинини йўлга қўйиб олган ҳолда очколарни қўлга киритаётган “Локомотив” жамоаси “Машъал” билан учрашувда ҳам ғолибона юришини давом эттира олармикин? Ҳар ҳолда “темирйўлчилар” тўртта турдан бери ютқазмаяпти. “Машъал” билан ўзаро ўйинлар статистикаси шуни кўрсатиб турибдики, бироз устунлик “Локо” томонида. Бу жамоаларнинг 26 та беллашувида мезбонлар 10 маротаба ғолиб чиққан бўлса, тошкентликларнинг 13 бор қўли баланд келган.
Қизиғи, ўтган йили Тошкентда ўтказилган учрашувда муборакликлар ягона гол эвазига ғалаба қозонишган. “Машъал” майдонида эса 0:0 ҳисоби қайд этилган. Аммо эътиборимизни тортган яна бир жиҳат шу бўлдики, муборакликлар ўз майдонида “Локомотив”ни охирги бор 2010 йилги мавсумда мағлубиятга учратган. Ўшанда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Хўш, энди ўша қора анъанага чек қўя оладими? Sports.uz мухбири шу савол билан “Машъал” бош мураббийи Александр Хомяковга мурожаат қилганида унинг жавоби қуйидагича бўлди:
- Эслатиб қўйганингиз яхши бўлди. Энди нохуш анаънага барҳам беришга уриниб кўрамиз. Биз учун бу жуда муҳим. Устига-устак анчадан бери бу анъана давом этиб келаётгани бизни янада сергак торттиради, - деди “Машъал” бош мураббийи.
Ҳа, эътибор берган бўлсангиз, Муборакда “Локомотив”га қарши ёқимсиз ўйинлар Хомяковнинг ёдидан кўтарилган экан. Қизиғи, ўша 2010 йилги чемпионатда “Машъал” уйда ҳам, сафарда ҳам “Локо”ни ютган. Яна бир эътиборни тортган жиҳати шундаки, 2005 йилдан 2010 йилгача ушбу жамоаларнинг ўзаро учрашувларида “Локомотив” бир марта ғолиб чиққан, қолган баҳсларда деярли “Машъал”нинг қўли баланд келган. 2010 йилдан бошлаб вазият ўзгарди. Энди ўзаро учрашувларда “Локомотив”нинг устунлиги сезила бошланди. Боз устига айни пайтга келиб “темирйўлчилар” ўз ўйинини шакллантириб олмоқда. Бу натижаларда ҳам ўз аксини топяпти. Эътиборингизга Секейра жамоасининг шу кунгача ўтказган ўйинларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
1-тур: АГМК – “Локомотив” – 2:1
2-тур: “Локомотив” – “Навбаҳор” – 1:2
3-тур: “Турон” – “Локомотив” – 2:2
4-тур: “Локомотив” – “Қизилқум” – 1:1
5-тур: “Сурхон” – “Локомотив” – 0:1
6-тур: “Локомотив” – “Бунёдкор” – 2:1
Мана, сизга чемпионатдаги натижалар! “Локо”да ўсиш кузатиляпти. Бунинг устига улар Ўзбекистон Кубогида гуруҳдан муваффақиятли чиқиб, 1/8 финалига йўл олди. Демак, жамоанинг кайфияти чоғ, Муборакка ҳам катта иштиёқ билан келиши ойдек равшан.
Энди “Машъал” жамоасининг чемпионат бошидан буён қайд этаётган натижаларига тўхталамиз:
1-тур: “Бунёдкор” – “Машъал” – 1:0
2-тур: “Пахтакор” – “Машъал” - 3:0
3-тур: “Машъал” – “Металлург” – 2:1
4-тур: “Андижон” – “Машъал” – 1:1
5-тур: “Машъал” – “Қўқон-1912” – 0:2
6-тур: “Сўғдиёна” – “Машъал” – 2:2
Ҳа, муборакликларнинг натижалари ҳозирча турли туман. Аммо “Локомотив” каби “Машъал” ҳам Ўзбекистон Кубогининг гуруҳ босқичида яхши иштирок этди ва 1/8 финалга йўл олди. Табиийки, энди клублар асосий эътиборини ички чемпионатга қаратишади. Ҳозирда “Машъал” 6 та ўйинда 5 очко билан 11-ўринда, “Локо” эса 6 та баҳсда 8 очко жамғариб, 7-поғонада боряпти. Агар “Локомотив”га Муборакдаги майдонда тўп суриш қулай бўлса, у ҳолда “Машъал” учун “темирйўлчилар” ноқулай рақибга айландими? Бу саволга Хомяковнинг жавобини эшитинг:
- Мутлақо йўқ! Биз олдин ҳам уларни мағлуб эта олганмиз. Агар хато қилмаётган бўлсам, ўтган йили ҳам бу рақибни доғда қолдиргандик. Боз устига биз рақибни ўз майдонида енгганмиз. Ўшанда Нормуродов жарима зарбасидан сўнг, тўпни дарвозага бехато йўллаганди. Навбатдаги тўқнашувимизда эса яна ўша ғалабани такрорлаш биз учун ёқимли бўларди, - деди россиялик мураббий.
Дарвоқе, “Машъал” бундан аввал ўз уйида “Қўқон-1912”ни қабул қилиб 0:2 ҳисобида ютқазгани ёдингизда-а? Ҳаммадан ҳам кўра, ўша учрашувда рақиб футболчисининг голи дарвозанинг ташқи сеткасидан кириб кетгани шов-шув бўлганди. Натижада ўша гол инобатга олинган ва бу “Машъал”нинг зарарига хизмат қилганди. Аммо бундай бўлишида клуб раҳбари деярли барча айбни ўзларининг бўйнига олганди. Агар бундай техник хатога йўл қўйилмаганида вазият бундай бўлмасди. Буни муборакликлар тушуниб етишган. Шундай экан, жамоа мутасаддилари бу сафар дарвоза тўрларини жиддий текширишни унутиб қўйишмас?!
Фикрлар