Александр Хомяков: Молдавиялик ҳужумчининг ҳаракатлари менга маъқул келяпти

Айни пайтда Суперлига иштирокчилари қизғин равишда янги мавсум учун тайёргарликларини олиб бормоқдалар. «Мавсум-2019»да 10-ўринни банд этган «Андижон» ҳам ҳозирда қишки ўқув-машғулот йиғинларини давом эттирмоқда. Жамоанинг россиялик бош мураббийи Александр Хомяков 6 январь куни Тошкентга етиб келди ва шу заҳотиёқ «Андижон» билан Янгиердаги йиғинга киришди. Хабарингиз бўлса керак, жамоани кўплаб футболчилар тарк этишган ва уларнинг аксарияти асосий таркиб аъзолари эди. Шу сабабли Хомяков таркиб ўзагини янгитдан шакллантиришига тўғри келмоқда. Ҳозирча таркибда айрим янги ўйинчилар бор, йўқ эмас. Шунингдек, Тожикистон ҳамда Молдавиядан келган легионерлар ҳам йиғинда қатнашишяпти. Лекин мураббийнинг олдида қиладиган ишлар ҳали кўп. 

- Александр Андреевич, Янгиердаги йиғиндан кўнглингиз тўляптими? У ерда асосан нималарни кўзлагандингиз?

- Қишки ўқув-машғулот йиғинларимиз давом этяпти. Бу сафарги тайёргарлигимизни селекцияга ихтисослашган ўқув йиғини деб атасак ҳам бўлади. Янги ўйинчилар масаласида изланяпмиз, қидиряпмиз ва гаплашяпмиз. Табиийки, янги футболчиларни кузатяпмиз. Шу жумладан маҳаллий ёш ўйинчиларимизни ҳам кузатиб боряпмиз. Чунки ўринбосарлар таркибидан ҳам болаларни жалб қилганмиз. Шунингдек, таркибимизга қўшилган бошқа ўйинчиларни ҳам синовдан ўтказяпмиз.

- Умуман олганда, жамоангизнинг қишки режалари нималардан иборат?

- Дастлабки режамиз Янгиердаги ўқув-машғулот йиғинида селекция ишларини олиб борган ҳолда футболчиларни синовдан ўтказишдир. Ўртоқлик учрашувларимизни ўтказяпмиз. 18 январь кунига ҳам ўртоқлик ўйинини режалаштириб қўйганмиз. Ўша учрашувда кўп нарса ҳал бўлади. Кимларнинг қолиши ва кетишини аниқлаб оламиз. Шу билан биринчи йиғинни тугатамиз. Шундан сўнг беш кунга Тошкентда шуғулланмоқчимиз. 22 январда тиббий кўрикдан ўтамиз. Ўша беш кунлик йиғинимиз пайтида битта ўртоқлик учрашувини ўтказмоқчимиз. Аниқроғи, 24 январь куни «Бунёдкор» билан ўйнаймиз. 25 январда эса Фарғонада тўпланамиз ва йиғинимизни ўша ерда давом эттирмоқчимиз. Фарғонада анъанавий «Ҳоким Кубоги»да иштирок этмоқчимиз.

- «Шердор» ва «Янгиер»га қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувларида «Андижон» ғалабалар қозонди. Аммо ушбу ўйинлар жамоадаги камчиликларни кўрсатиб бера оляптими?

- Ўртоқлик беллашувлари орқали футболчиларни ўзларига келтириш, янги ўйинчиларнинг имкониятларини текшириб олиш ҳамда қўллаётган тактикамизга қанчалик мос тушишларини кўриб олишдан иборат эди. Ҳозирча эса бизда таркибнинг ўзаги йўқ.  

Хомяков

- Чемпионат 28 февралдан старт олиши белгилаб қўйилди. Бунгача таркибни шакллантиришга улгура оласизми? Умуман айтганда, мавсумнинг эрта бошланишига сиз қандай қарайсиз?

- Яширмайман, янги мавсумнинг барвақт бошланиши бизни ҳам бироз чўчитиб турибди. Лекин биз имкони қадар ушбу муддатгача жамоани тайёрлашга ва яхлит ҳолатга келтиришга ҳаракат қиляпмиз. Менимча, жамоани ўша санагача шакллантира оламиз.

- Айни пайтда қўл остингизда молдавиялик ҳужумчи ҳам кўрикдан ўтмоқда. Литвяков  Молдавиянинг биринчи дивизионида тўпурар бўлган экан. Нима деб ўйлайсиз, у чемпионатимиз савиясига мос тушадими?

- Ҳа, у бизга Молдавиянинг биринчи лигасидан келди. Аммо футболчининг статистикасига қарасангиз қониқарли эканлигини кўришингиз мумкин. Ҳужумчи мавсум давомида 30 та гол урди. Ўртоқлик учрашувларида ҳам у голлар урмоқда. Ҳозирча унинг ҳаракатлари менга маъқул келяпти.

- Бундан чиқди, Артём Литвяков билан шартнома имзоланадими?

- Менимча ҳам шундай бўлса керак. Ҳозир айтганимдек, унинг ўйини менга маъқул келяпти. Иложи борича шартнома тузишга ҳаракат қиламиз. Бироқ биргина у билан эмас, тезроқ бошқа ўйинчилар билан ҳам келишувларга эришишимиз керак. Шу йўсинда жамоа ўзагини тезроқ яратишимиз лозим.

- Биздаги маълумотларга кўра «Андижон»га яна бошқа легионерлар ҳам келиши кутилмоқда. Бу борада ишлар қандай олиб бориляпти?

- Ҳа, яна бошқа легионерларни ҳам олишимиз керак. Айниқса, кучсизроқ кўринаётган чизиқларимизга хорижлик футболчиларнинг хизматидан фойдаланмоқчимиз. Лекин, аввало бўш чизиқларни ўзимиздаги футболчилар билан тўлдирмоқчимиз. Агар улар билан бу муаммони ҳал қила олмасак, унда албатта легионерларни қўлга киритишимизга тўғри келади.

хомяков2

- Таркибни кўплаб футболчилар тарк этишди. Шундай экан, жамоани яна бошқатдан шаклантиришингиз шарт, аммо бу осон жараён эмас. Бундан чиқди, клуб яна Суперлигада қолиш учун курашадими?

- Нимага бундай ўйлаяпсиз? Дабдурустдан бундай гапириш керак эмас. Чунки ҳали таркибни тўлиқ тўплай олганимиз йўқ. Жамоамизнинг қандай тузилишига қараб кейин айтаман.

- Бундан ташқари, дарвозабонлар масаласи ҳам бизнингча оғриқли муаммолардан бири бўлиб турибди. Чунки ўтган йилги посбонлар – Виталий Мирний, Руслан Матниёзов ва Акмал Ортиқов «Андижон»ни тарк этишган. Кўриниб турибдики, жамоа янги дарвозабонларга жуда муҳтож…

- Дарҳақиқат, биз дарвозабон истаяпмиз. 10 кун давомида битта дарвозабон билан шуғулланишимизга тўғри келди. Чунки бизда бошқа посбон йўқ эди. Албатта, бу борада бир-иккита номзодларимиз бор эди. Лекин улар бошқа клубларга кетиб қолишди. Масалан, бир дарвозабон жамоамизнинг машғулотларида шуғулланаётганди. Унинг кимлигини айтмай қўя қолай. Биз билан 3-4 кун машғулотларда қатнашганидан сўнг унга бошқа клубдан таклиф бўлди ва олдимга кириб, мени бошқа жамоа чақиряпти деб кетиб қолди. Бу вазиятда биз нима ҳам қила олардик. Кетишни хоҳлаган футболчини қандай ушлаб қоламиз?