Александр Хомяков: "Хебай "Андижон" ўйинчиси ва бизга керак"
“Андижон” клуби “Турон”га қарши водий дербисида иродали ғалабани қўлга киритиб ўз мухлисларини жуда хурсанд қилди. Беллашувдан сўнг “Бургутлар” бош мураббийи Александр Хомяков қуйидагиларни айтди:
- Шак-шубҳасиз бугунги ўйинда характер кўрсатган ҳолда ғалаба қозонганимиздан жуда хурсандман. Аввалига ишларимиз унчалик ўхшамади. Устига-устак пенальтидан дарров гол ўтказиб юбордик. Шундан кейин йигитлар бироз шошиб қолишди ва ўз навбатида бу шошма-шошарлик бошланган ҳужумлар ҳамда саъй-ҳаракатларни самарали ниҳоясига етишига йўл қўймади. Аммо, барибир йигитларга қойил қолиш керак. Улар характерларини намойиш этишди. Бугун футболчиларимиз матонат кўрсатишди, десам сира муболаға бўлмаса керак. Улар чиндан ҳам майдонда матонат билан тўп сурдилар. Ўйиндан олдин ҳар доим йигитларга биз мухлислар учун тўп суришимизни айтаман. Бугун ҳам шундай гапларни уларга етказдим. Ўз ўрнида буни шогирдларим тўла ҳис қилган ҳолда якунда ишқибозларимизга чиройли ва иродали ғалабани тақдим этдилар. Таъкидлашим жоизки, учрашувдан кейин айтилган гаплар ва ҳис-ҳаяжонлар босилади. Лекин ўйиндан олинга завқ-шавқ ва таассурот умрбод эсдан чиқмаса керак. Айниқса, бугунги оғир учрашувда мана шундай ғалабани қўлга киритганимиз йигитларимизнинг саботли эканлигидан далолат беради. Шундан кейин ҳам мана шундай руҳда давом этиб, олдинга ҳаракат қиламиз.
- Ушбу мавсумдаги “Андижон”нинг энг қийин ғалабаси бўлди, деб ўйлайсизми?
- Албатта, буни қийин ғалаба деб ҳисоблайман. Нафақат бугунги, балки олдинги учрашувларда ҳам натижалар ўзимиз ўйлаган даражада осонлик билан қўлга киритилгани йўқ. Аксинча, катта машаққатлар эвазига қимматли очколарни жамғариб келмоқдамиз. Рақибнинг майдонда камчилик бўлиб қолгани бизга бироз устунлик берган бўлиши мумкин. Аммо бутун жамоа бўлиб ҳимояланаётган рақибнинг дарвозасига йўл топиш осон иш эмас. Бундай пайтларда йигитларга маҳорат, совуққонлик ва чидамлилик хусусиятлари сал етишмай қоляпти. Улар юқорида айтганимдек, шошиб қолаётганлари учун ҳам воқеалар ривожи дарҳол ўзимиз кутган даражада тус олаётгани йўқ. Рақиб камчилик бўлиб қолса ҳам бизга яхши қаршилик кўрсатди.
- Суперлигада бу икки жамоа учинчи бор тўқнашишди ва “Андижон” илк бор элитада “Турон” устидан ғалаба қозонди. Рақиб сиз учун ноқулайми ёки...
- Статистикага унчалик эътибор бермайман. Мана, бугун сизнинг гапларингиздан сўнг “Турон”га қарши учинчи ўйиндан кейинги илк ғалабани қўлга киритганимизни билиб турибман. Мен ўйиндан-ўйинга илдамлик билан силжиб боришни маъқул кўраман. Статистикани унчалик кузатиб бормайман. Айтмоғим керакки, нафақат бугунги, балки барча ўйинлар биз учун оғир кечяпти. Ғалабага осонлик билан эришиб бўлмайди. Бу футболнинг қонунларидан биридир. Мураббий сифатида шогирдларимнинг ўйинга тайёрлар эканман, бу ҳаётингиздаги охирги учрашув бўлиб қолади, дея таъкидлашни маъқул кўраман.
- Ижтимоий тармоқларда клубнинг молиявий ҳолати яхши эмаслиги ва ҳужумчи Рубин Хебайнинг ОКМКга кетиши мумкинлиги ҳақида ёзишяпти...
- Бу саволларни мендан кўра раҳбариятга берганингиз маъқулроқ. Чунки жавоб беришим қийин. Клубнинг молиявий аҳволи қандайлигини мендан кўра мутасаддилар яхши билишади. Рубин Хебайга келсак, ҳозирча у бизнинг жамоамизда ва ўз ишини яхши бажарган ҳолда голлар уряпти. Хебай “Андижон” ўйинчиси ва бизга керак. Жамоамиз режа асосида ишини давом эттиряпти. Бу саволингизга шу тариқа жавоб бера олишим мумкин холос.
Фикрлар