Александр Хомяковга мушт туширган "Металлург" расмийсига чора кўрилди

Ўзбекистон футбол ассотсиацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор футболчи ҳамда расмийларга нисбатан тартиб-интизом чоралари белгиланди.

Жумладан, Cоcа-Cола Суперлига 16-тури доирасидаги “Пахтакор” – АГМК учрашувида АГМК футболчиси Аббосжон Отахонов баҳснинг 82-дақиқасида тўп учун кураш бўлмаган вазиятда тирсаги билан рақиб ўйинчисининг юзига зарба бериб, ўйин қоидасини қўпол равишда бузгани учун 3 та ўйинга дисквалификация қилинди ва унга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Cоcа-Cола Суперлига 16-тури доирасидаги “Металлург” – “Машъал” учрашуви якунидан сўнг “Металлург” жамоаси расмий вакили Шавкат Саидов ўзини нопрофессионал тутган ҳолда, агрессивлик билан “Машъал” бош мураббийи Александр Хомяковнинг кўкрак қисмига мушт билан зарба берди. Мазкур хунук ҳолат кенг жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Ушбу хатти-ҳаракати учун Шавкат Саидовга 1 (бир) йил муддатга ҳар қандай футбол фаолияти билан шуғулланишдан четлаштириш интизом чораси қўлланилди. Шунингдек, клубдан ушбу расмий шахсга 2021 йилги мавсум учун ЎзПФЛ томонидан тақдим қилинган литсензияни 3 кун муддат ичида топшириш талаб этилади.

Мазкур қарор эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Шунингдек, Cоcа-Cола Суперлига 16-тури доирасидаги “Металлург” – “Машъал” учрашуви якунидан сўнг “Металлург” футбол клуби аъзолари стадионда оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариб, ҳакамлар шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатишди. “Металлург” футбол клуби учрашувда тартиб-интизомни таъминламагани, майдон ва унинг атрофида вужудга келган тартибсизликларнинг олди олинмагани учун жазоланади ва клубга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилади.

У-18 чемпионати 13-тури доирасидаги “Арал Самали У-18” – “Навбаҳор У-18” учрашуви 45+2-дақиқасида “Арал Самали У-18” жамоаси футболчиси Бахит Пердебаев ва “Навбаҳор У-18” жамоаси ўйинчиси Сарвар Баҳодиров ножўя сўзлар ишлатиш орқали бир-бирини ҳақорат қилди ва кейинроқ тажовузкор хатти-ҳаракатлар амалга оширилди. Шу сабабли Сарвар Баҳодиров ҳамда Бахит Пердебаевга нисбатан 2 та ўйинга четлаштириш интизом чораси қўлланилди.

Шунингдек, “Арал Самали У-18” – “Навбаҳор У-18” учрашувининг 71-дақиқасида “Арал Самали У-18” футболчиси Зулпухар Қуваншибаев рақиб ўйинчисига қасддан жарохат етказиш мақсадида рақиб оёғига зарба бергани учун 3 та ўйинга дисквалификатсия қилинди.

Манба: ЎФА

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!