Алишер Тўхтаев: "Бабаян билан яқин бўлмасам-да, уни қандай мутахассис эканлигини яхши биламан"

Хабарингиз бор, жамоамиз 22 июль куни Тожикистоннинг 10 карра ва амалдаги чемпиони “Истиқлол” (Душанбе)га қарши халқаро ўртоқлик ўйини ўтказиб, унда жанговар – 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.

Учрашув якунлангач, меҳмонлар бош мураббийи Алишер Тўхтаевни суҳбатга тортдик. Душанбеликлар устози ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.      

- Умуман олганда, ҳаво ҳарорати юқори бўлганлиги сабабли, мазкур ўйин ҳар икки жамоага ҳам қийинчилик туғдирди. Учрашувнинг биринчи бўлими тенг курашлар остида кечди, дейиш мумкин. “Навбаҳор”да ҳам, жамоамизда ҳам бир қатор хавфли вазиятлар юзага келди. Мезбонлар ҳисобни очишганидан сўнг, биз тезда қарши ҳужумга ўтиб, жавоб тўпини киритишга муваффақ бўлдик.

Иккинчи бўлимда “Навбаҳор” анча ҳужумкор ўйин намойиш этган ҳолда, майдон маркази ҳамда ҳужумда тўпни кўпроқ назорат қилди. Шогирдларим эса майдон эгаларига имконият бермасликка ҳаракат қилишди ва бунинг уддасидан чиқа олишди.

– Ушбу ўртоқлик баҳсига қадар “Навбаҳор” ҳақида маълумотга эгамидингиз?

-  Бўлмасамчи! Мен нафақат Ўзбекистон Суперлигаси, балки про-лига, биринчи лига баҳсларини ҳам доимо кузатиб бораман. “Навбаҳор”нинг жорий мавсумнинг 1-даврасини пешқадам сифатида якунлаганидан хабарим бор. Албатта, муддатидан олдин жамоани чемпионлик билан табриклай олмайман. Бироқ “Навбаҳор” мавсум якунида ўз олдига қўйган мақсадига эришади, деган умиддаман.

 - Мана, бугун “Навбаҳор”нинг ўйинига бевосита гувоҳ бўлдингиз. Жамоанинг жорий мавсумдаги Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Чемпион бўлиш, совриндорлар сафидан жой олиш имконияти барча жамоаларда бор. Фақат гап ундан қандай фойдаланишда. Бугунги рақибимиз “Навбаҳор” борасида тўхталадиган бўлсам, жамоа маҳоратли футболчилардан ташкил топган ажойиб таркиб, яхши ўйин услубига эга ва чемпионлик учун бемалол кураша олади.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян билан жуда яқин бўлмасам-да, уни қандай мутахассис эканлигини жуда яхши биламан ва мазкур мураббий қўл остида “Навбаҳор” чемпионлик унвонини қўлга киритишига тилакдошман. 

алишер

- Бугунги ўйинга 10.000 нафарга яқин мухлис ташриф буюрди. Бу борадаги фикрингиз...

- Ишқибозларга ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқчиман. Бугун наманганлик мухлисларнинг жуда фаол эканликларига гувоҳ бўлдим. Улар “Навбаҳор”ни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаган ҳолда, олдинга боришга ундаб туришди. Мухлисларнинг руҳан қўллаши эса футболда муҳим омил ҳисобланади.

-  Жорий мавсумда “Истиқлол”нинг олдига қандай мақсад қўйилган?

- Жамоада ким бош мураббий бўлишидан қатъий назар, “Истиқлол”нинг олдига фақат бир мақсад, яъни, жамоа иштирок этаётган барча турнирларда зафар қучиб, кўпроқ совринларни қўлга киритиш вазифаси қўйилади. Бу йил ҳам чемпионлик унвонини сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!