Аълохон Абдуллаев: "Бобоусмон Ботуровга қарши жангда ғалаба қозондим, деб ўйлагандим"
30 октябрдан 7 ноябрга қадар, Тошкент шаҳрида катталар ўртасида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада жуда қизиқарли ва ажойиб жангларнинг гувоҳига айландик. Шунингдек, мазкур турнир ўзига хос истеъдодларни ҳам кашф қилди, десак муболаға бўлмайди. Улар орасида 69 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритган Аълохон Абдуллаевни ана шундай чармқўлқоп усталари сирасига киритишимиз мумкин. У эндигина 17 ёшни қаршилаган бўлса-да, ўзига билдирилган ишончни оқлай олди. Биз ушбу ёш маҳорат эгаси билан суҳбат қурдик.
Қуйида, мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Аълохон, аввало, катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатидаги илк иштирокингиз ва совриндор бўлганингиз билан муборакбод этамиз!
- Эътибор учун миннатдорман.
- Сиз ўзбек ММА оламининг машҳур вакили Аюбхон Камоловнинг ўғлисиз. Айтингчи, нега отангиз изидан бормасдан боксни танлагансиз?
- Боксни танлашим, айнан отамнинг хоҳиши туфайли бўлган. 10 ёшимда ушбу спорт турига берган, ўшандан буён шуғулланиб келаман.
- Умуман олганда, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасида қандай натижалар қайд этгансиз?
- Ўсмирлар ўртасида икки марта мамлакат чемпионлигини, Минск шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда 3-ўринни, Осиё чемпионатида ҳам 3-ўринни қўлга киритганман. Ёшлар терма жамоасига бу йил ўтдим ва Ўзбекистон чемпиони бўлдим.
- Илк мураббийингиз отангиз бўлса, керак?
- Албатта, отам ёшлигимдан ушбу спортнинг сир-асрорларини ўргатиб, ҳозирга қадар камчиликларим устида ишлашим кераклигини уқтириб келади.
- Жорий йилги Золотарёв турнирининг ярим финал босқичида жанг қилишни истамадингиз, бунинг сабаби нимада эди?
- Бу турнирда ҳам ярим финалга қадар етиб бордим. Аммо қошимдан олган жиддий жароҳат туфайли, ушбу босқичда иштирок эта олмадим.
- Айтингчи, катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида бронза медалини қўлга киритишингизни кутганмидингиз?
- Бу мусобақага жиддий ҳозирлик кўргандим. Ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этдим. Тўғри, ушбу вазн тоифасида рақобат жиддий кечишини билардим. Шундай бўлса-да, ўзимга нисбатан ишончим юқори эди. Ўйлайманки, ёмон иштирок этмадим.
- Умуман, чемпионатда дуч келган қайси рақибингиз билан тўқнашувда катта қийинчиликка учрадингиз?
- Тошкент вилояти вакили Ислом Ғоиповга қарши рингга кўтарилдим. Айнан, ушбу жангда жиддий қийинчиликка учрадим.
- Ярим финалда тажрибали Бобоусмон Ботуров билан баҳс юритдингиз. Бу жанг ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
- Бобоусмон ака, таъкидлаб ўтганингиздек, тажрибали боксчи, фаолияти мобайнида кўплаб совринларни қўлга киритган. Менимча жуда яхши тўқнашув бўлди. Ғалаба қозондим, деб ўйлагандим. Лекин Бобоусмон акани қўлини кўтаришди. Насиб қилса, келажакда янада яхши натижалар қайд этамиз.
- Чемпионат мобайнида отангиз жуда фаол тарзда қўллаб-қувватлаб турди. Ярим финалдаги мағлубиятга муносабати қандай бўлди?
- Шубҳасиз, энг биринчи мухлисим отам ҳисобланади. Шунчаки, янада ишлашимиз кераклигини ва келажакда муҳим турнирларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишимиз кераклигини айтди.
- Табиий вазнингиз қандай, эҳтимол, 63 кг вазнга ҳам туша оларсиз?
- Йўқ. 63 килограмм вазн тоифасига туша олмайман. Чунки, табиий вазним 74-75 килограммни ташкил қилади. 69 килограммга ҳам вазн ташлайман.
- Суҳбат учун ташаккур. Келгуси фаолиятингизда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
- Раҳмат.
Фикрлар