Америкада енгилмас боксчимиздан ўзбекча нокаут!
Отабек Холматов – келажаги ёрқин профессионал боксчилар ҳисобланади. Машғулотларини АҚШнинг Голливуд шаҳрида олиб бораётган сирдарёлик чарм қўлқоп устаси профессионал фаолиятини бошлаганига кўп бўлгани йўқ.
Отабек куни кеча АҚШнинг Тампа шаҳридаги “Convention Center” аренасида тўртинчи профессионал жангини ўтказди.
Жанг ташкилотчилари ёш боксчимизга бу гал тажрибали рақибни рўбарў қилишди. Доминикан Республикаси вакили Хуан Габриэль Медина ўта кучли зарбага эга боксчи ҳисобланади. Профессионал рингдаги юришини 2013 йилда бошлаган Медина ўзи ғалаба қозонган 12та жангдан 11 тасида рақибларини нокаут билан мағлуб этган. Қабул қилиб олган саккизта мағлубияти асосан катта натижаларни қайд этаётган кучли боксчилар билан тўқнашувларда юз берган.
Хуан Габриэль Медина ўз фаолияти давомида жаҳон чемпионлигига даъвогар пуэрто-риколик нокаутчи Макуильямс Арройо, икки йўналишда жаҳон чемпионлик камарига эгалик қилган америкалик Роши Воррен, кучли зарба эгаси Даррен Канингем каби рақибларга қарши рингга кўтарилган.
Отабек Холматов ана шундай жиддий рақибга қарши ўтказилган учрашувнинг дастлабки раундидан ҳужумкор тактика танлади. Иккинчи раундга келиб, Медина ўзбек йигитининг кучли зарбасини ўтказиб юборди ва рингга қулади. Шу тариқа, Отабек қисқа вақтда соф нокаут билан ғазаба қозонди.
Айтиш жоизки, ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиси АҚШнинг “Warriors Boxing Promotions LLC” компанияси билан шартнома имзолаганидан кейин профессионал жангларда 13 августдан бери қатнашиб келмоқда. Мазкур компания билан Козимбек Мардонов ва Фазлиддин Мелибоев каби боксчиларимиз ҳам ҳамкорлик қилмоқда.
Отабек бунгача учта жанг ўтказган эди. Кучли зарба соҳиби бўлган ҳамюртимиз АҚШдаги дабют жангида мезбон боксчи Марселло Уильямсга қарши ўтказиб, рақибини соф нокаут билан мағлубиятга учратди ва илк ғалабасини тантана қилди.
27 август куни ўзбек боксчиси иккинчи учрашувда Доминикан Республикаси вакили Карлос Овандога қарши рингга чиқди. Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган баҳсда Отабек рақибини техник нокаутга учратиб, беллашувни муддатидан олдин якунлади.
Ниҳоят, Америкадаги кетма-кет икки ғалабадан сўнг боксчимиз учинчи жангини ўтказиш учун Колумбияга йўл олди. 10 сентябрда ўтказилган навбатдаги рейтинг жангида ҳам катта устунлигини намойиш қилган Холматов мезбон боксчи Роберто Лопесни чуқур нокаутга турширди.
Отабек Холматов икки йўналиш – WBA ва IBF бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев билан бир хил – 55,3 килограммгача вазн тоифасида жанг қилади. Ўзбекистон рейтингида ҳам Отабек Муроджондан кейин иккинчи поғонага кўтарилиб олди.
Умуман олганда, бу вазнда профессионал рингда тўрт нафар боксчимиз иштирок этмоқда ва энг аҳамиятлиси, уларнинг бари мағлубиятсиз одимламоқда. Муроджон Аҳмадалиев 9 та ғалаба (7 та нокаут) эга бўлса, Отабек Холматов юз фоизли натижа билан тўртта, Ислом Пирманов учта ва ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов битта нокаут қайд этган.
Жаҳон бўйича бу вазннинг умумий рейтингида америкалик Брандон Фигуэроа етакчилик қилмоқда. Муроджон Аҳмадалиев эса бу вазндаги дунё боксчилар орасида кучли еттиликдан жой олган.
Дарҳақиқат, Муроджон Аҳмадалиев 19 ноябрь куни АҚШда мезбонлар вакили Ронни Риосга қарши бўладиган жангда ўзига тегишли чемпионлик камарларини ҳимоя қилади.
Фикрлар