Амирулло Мирзаев: "Иқбол Фозилжонов илк ҳорижлик рақибим бўлади"

Маълумки, 22 сентябрь куни К-1 нинг профессионал йўналиши бўйича бир қатор ҳамюртларимиз очиқ Осиё чемпионатида рингга кўтарилишади. Булар орасида бир нечтасини таништиришга ҳам улгурдик. Бугун эса навбатдаги истеъдодли ёш спортчимиз 63.5 кг вазн тоифасида жанг олиб борадиган Амирулло Мирзаев ҳақида бироз маълумот бериш баробарида у билан қисқача суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Амирулло Мирзаев 1999 йил 1 октябрда Бухоро шаҳрида туғилган. Фаолияти давомида К-1 бўйича Осиё чемпиони, муайтай бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, универсал жанг бўйича Ўзбекистон чемпиони, муайтай бўйича жаҳон чемпионати иштирокчиси.

photo_2019-09-19_21-20-05

- Амирулло асосан муваффақиятларингиз ҳаваскор йўналишда экан. Профида ҳам жанг ўтказганмисиз?

- Албатта, Уч маротаба бу йўналишда жанг олиб борганман. Уларнинг икиктасида ғалаба қозонганман. Бир маротаба очколар ҳисобида имкониятни бой бериб қўйгандим.

- Демак, фаолиятингизда битта мағлубият бор. Унинг муаллифи ким эди?

- Тошкентлик Илҳом Рустамов. Бу спортчи жуда тажрибали, жаҳон чемпиони ҳисобланади.

- Ғалаба қозонган икки нафар рақибингиз ҳам ўзимизнинг спортчилар бўлганми?

- Ҳа, Самарқанд ва Бухородан.

- Ҳали профи йўналишда ҳорижлик спортчилар билан тўқнаш келмаган экансизда?

- Тўғри, 22 сентябрь куни қирғизистонлик Иқбол Фозилжонов фаолиятимдаги яъни профидаги илк чет эллик рақибим бўлади. Лекин ҳаваскорда жуда кўплаб юрт вакиллари билан жанг олиб борганман.

- Бухорода бир нечта яккакураш турларига ихтисослашган клублар мавжуд. Сиз қай бирида машғулотлар олиб борасиз?

-  “Golden Boys” клубида Дадаҳон Бобоқулов қўл остида жангларга тайёрланаман.

- 22 сентябрь куни сизни жиддий синов кутиб турибди. Тайёргарлик яхши бўлдими?

- Шубҳасиз, ҳар томонлама тайёрмиз. Руҳан, жисмонан ажойиб ҳолатдамиз. Халқимизнинг дуоси, муҳлисларимизнинг қўллаб-қувватлашидан куч олиб, албатта ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда ушбу турнирда қатнашаётган барча терма жамоадаги дўстларимга, акаларимизга омад тилайман. Ғалаба қозониб, барчани олдида юзлари ёруғ бўлсин. Энг асосийси бутун Ўзбекистон спортчиларига, юртимиз шаънини ҳар қандай мусобақада муносиб ҳимоя қилиш насиб қилаверсин!

- Албатта ушбу тилакларингиз ўзингизга ҳам ҳамроҳ бўлсин!

- Катта рахмат.

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.

 

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!