Ҳусанов ва Доннарумма хатосига Мареска қандай муносабат билдирди?
“Манчестер Сити” учинчи турда лига дебютанти “Ковентри”ни қийинчилик билан 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бироқ “шаҳарликлар” учрашувнинг бошидаёқ қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин эди.
Бу вазият ўйиннинг олтинчи дақиқасида Абдуқодир Ҳусанов ва Жанлуижи Доннарумма иштирокида юз берди.
Sports.uz портали ушбу ҳолат юзасидан нуфузли манба – esteemedkompany.com сайти экспертлари таҳлилини ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.
Жанлуижи Доннарумма энг яхши формада бўлганида “Манчестер Сити” учун дарвозадаги жуда кучли қуролга айланади. Унинг ҳал қилувчи сейвларни амалга ошира олиши Энцо Мареска жамоаси ўйинининг етарлича қадрланмаётган жиҳатларидан бири. Бироқ Доннарумма “Манчестер Сити”нинг энг қуйи нуқтадан ҳужумларни бошлашида асосий фигура эмас.
Доннарумманинг ўйинидаги ана шу икки жиҳат “Этиҳад” стадионида “Ковентри”га қарши учрашувда яққол намоён бўлди. Шу билан бирга, италиялик дарвозабоннинг қаҳрамонона ўйини бўлмаганида, меҳмонлар Манчестердан камида бир очко олиб кетарди.
Ушбу баҳснинг 6-дақиқасида Жанлуижи Доннарумма жамоасини қийин аҳволга солиб қўйишига сал қолди. Абдуқодир Ҳусанов дарвоза чизиғида турган дарвозабонига пас берди. Доннарумманинг тўпни қабул қилишдаги хатоси эса Фрэнк Лэмпард жамоасининг кутилмаганда ҳисобни очиб юборишига олиб келиши мумкин эди.
Аммо Доннарумма тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтишига атиги бир неча миллиметр қолганида қайтариб юборди ва ўз хатосини тўғрилади. Бу “Манчестер Сити” ва унинг дарвозабони учун жиддий огоҳлантириш бўлди. Шундан кейин эса Доннарумма дарвозада ажойиб ўйин намойиш этди ва камида учта ҳал қилувчи сейв амалга оширди.
Таъкидлаш жоизки, ғалабада Эрлинг Холанднинг ягона голи қанчалик муҳим бўлган бўлса, Доннарумманинг сейвлари ҳам шунчалик аҳамиятли эди. Айнан шу сейвлар мезбонларга уч очкони сақлаб қолиш имконини берди.
“Манчестер Сити” бош мураббийи Энцо Мареска ҳам Абдуқодир Ҳусанов ва Жанлуижи Доннарумма иштирокидаги ҳолатга эътибор қаратди.
- Бу Жижио! Биз унинг жуда яхши дарвозабон эканини биламиз! Менимча, Абдуқодир Ҳусановнинг бундай вазиятда Жижиога пас бериши энг тўғри қарор эмасди. Аммо у бир нечта яхши сейвларни амалга оширди ва биз ундан мамнунмиз, - деди Энцо Мареска.
Ҳа, Доннарумма учрашув бошида бироз хавотирли вазиятга сабабчи бўлди. Аммо кейинги сейвлари “Манчестер Сити”нинг чемпионатдаги дастлабки учта ғалабасига замин яратди. Ҳимоянинг ўнг қанотида ҳаракат қилган Абдуқодир Ҳусанов ҳам қолган дақиқаларда ишончли ва бехато ўйнади.
"Сити" Ҳусановга рақобатчини ПСЖдан танлади
Легионер! Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси янги жамоага ўтди
Беҳруз Каримов Швейцария чемпионлигига даъво қиляпти!
Ҳусановга қийин ғалабадан кейин неча балл берилди?
Рақибни ўтказмаган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?
Элдор кўп гол уряпти! Суперклубга Шомуродовни олишни тавсия қилишди
Нега фарқ ўта катта? Ҳусанов ва Сатпаев маошини солиштиришди
Рақиб мураббийи Шомуродов ҳақида қаттиқ гапирди!

Фикрлар