Ампутант футболчиларимиз қўшимча рағбатлантирилади!

Хабарингиз бор, бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ампутант футболчилар терма жамоасига давлат томонидан эътибор қаратилмаётгани, улар қўлга киритган натижаларига яраша муносиб рағбатлантирилмагани ҳақида турли гап-сўзлар пайдо бўлди.

Бугун Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасида ушбу масала юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов, вазир ўринбосари Ш.Махмудов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.Ташходжаев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби О.Касимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, Ўзбекистон ампутант футболчилар терма жамоаси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда вазият етарлича ўрганилмагани, ампутант футболчиларга давлат томонидан доимо эътибор қаратиб келингани ва бундан кейин ҳам ушбу эътибор йўқолмаслиги алоҳида таъкидланди. Вазир А.Икрамов терма жамоа аъзоларининг саволларига батафсил жавоб қайтарди ҳамда уларни қўшимча рағбатлантириш тўғрисида Президентга таклиф билан чиқишини маълум қилди.

Айтиш керакки, ампутант футболчиларимиз вазирдан қимматбаҳо бўлмаса ҳам автомобиль (“Спарк”) совға қилинишини сўрашди. Тез кунларда жаҳон чемпионатида бронза медалларини қўлга киритган ампутант футболчиларимиз мукофотланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ампутант футболчилар терма жамоаси бир неча бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Вакилларимиз жорий йил Туркияда ўтказилган дунё биринчилигида 3-ўринни эгаллади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Umrzoq Goziyev
22/11/2022 21:16
Aslida mana shularga eng qimmat sovgalarni berish kerak. Haqiqiy qahramonlar mana shular