
"Ан-Наср" бош мураббийи: "Роналду шубҳасиз Португалиянинг рамзи"
Саудия Арабистонининг "Ан-Наср" клуби бош мураббийи Жорже Жезуш шогирди Криштиану Роналдунинг шахсияти ва жисмоний ҳолатини юқори баҳолади.
"Ҳеч ким бу инсоннинг футбол дунёси учун нимани англатишини тўлиқ тасаввур қила олмайди. Мен ўзим ҳам илгари буни тушунмаганман, аммо энди тушуняпман. Роналду шубҳасиз Португалиянинг рамзи. У қайси давлатда бўлмасин, меҳмонхона эшиклари олдида юзлаб одамлар фақат уни кўриш учун тўпланишади. Криш ноодатий инсон.
У жамоада тезлиги бўйича иккинчи, шунингдек, 25 км/соатдан юқори тезликдаги спринтлар сони бўйича учинчи ўринда туради. Бу ақл бовар қилмас даражада. Гап фақат у майдонда нима қилаётгани ҳақида эмас — у жуда ақлли инсон, футбол доирасидан анча кенг фикрлайдиган шахс", — деди Жезуш "SAPO Desporto" нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, жорий мавсумда ҳужумчи клуб сафида барча турнирлар доирасида 6 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 1 та голли узатма берди. 40 ёшли футболчининг саудияликлар билан амалдагӣ шартномаси 2027 йилнинг ёзигача мўлжалланган. "Transfermarkt" порталига кўра, унинг трансфер баҳоси 12 миллион еврони ташкил этади.
Фикрлар