“Ан-Наср” ва “Сити” келиша олмади, катта трансфер барбод бўлди
“Манчестер Сити”нинг асосий дарвозабони Эдерсоннинг “Ан-Наср”га трансфери амалга ошмайдиган бўлди.
Таниқли журналист Руди Галеттининг маълум қилишича, “Ан-Наср” 30 ёшли дарвозабон учун курашдан чиққан. Риёдликлар “шаҳарликлар”нинг бразилиялик голкипер учун сўраётган суммасини ортиқча оширилган, деб ҳисобламоқда.
Маълумки, “Ан-Наср” мутасаддилари тажрибали дарвозабон учун 30 миллион евро таклиф қилган эди. Бироқ бу сумма манчестерликларга камлик қилди.
Эдерсон 2017 йили “Бенфика”дан “Манчестер Сити”га 40 миллион еврога трансфер қилинган эди. Унинг амалдаги битими яна икки йил давом этади.
Ўтган мавсумда моҳир дарвозабон жами 43 та учрашувда қатнашиб, улардан 16 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва қолган баҳсларда 34 та тўп ўтказиб юборди.
Фикрлар