Ана холос! Дибала кейинги ёз “Рома”дан кетади, агар...

“Ювентус” билан етти йиллик ҳамкорликдан кейин Пауло Дибала “Рома”ни танлагани кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Чунки мухлису мутахассисларнинг аксарияти аргентиналик юлдузнинг Чемпионлар лигасида иштирок этадиган клублардан бирига ўтишини кутганди.

“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо Дибалани уч йиллик шартномага кўндирди. Лекин Пауло ўзи имзолаган битимда келаси йили уни трансфер қилмоқчи бўлган катта клубларга яхшигина имконият қолдирган.

Фақат “Интер” ва “Милан” бу ҳужумчини олиш учун каттароқ сумма сарфлаши керак бўлади. Аниқ айтадиган бўлса, Дибалани келаси ёз трансфер қилмоқчи бўлса, “Интер” 35,5 миллион, “Милан” 31,2 миллион евро бадал пули тўлаши белгиланган.

Италия чемпионатининг қолган вакиллари 28 ёшли тўпурар учун анча арзон – 21 миллион, бошқа мамлакатлар вакиллари 22 миллион евро тўлаши белгиланди.

Табиийки, бу суммаларнинг бари Дибала даражасидаги юлдуз учун анча арзон ҳисобланади.

Шунингдек, “Рома” раҳбарияти пойтахтнинг иккинчи клуби – “Лацио”га Дибалани ҳеч қандай нарх эвазига сотмаслигини белгилаб қўйди. Айнан мана шу банд “бўрилар”нинг ишқибозларига кўпроқ ёқди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!