Ана холос: Ҳусанов яна дисквалификация қилинди
Франция чемпионати ҳам қисқа танаффусдан кейин яна бошланди. Еврокубокларга йўлланма берадиган юқори ўринлар учун курашаётган “Ланс” навбатдаги баҳсини 5 январь куни ўз майдонида “Тулуза”га қарши ўтказади.
24 очко билан еттинчи поғонада бораётган лансликлар бўлажак рақибдан уч очко олдинда бормоқда холос. Шу боис, бўлажак ўйин ҳар икки жамоа учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Франция футболини ёритиб келаётган lensois.com сайти “Тулуза”га қарши баҳс олдидан “Ланс” таркибда йўқотишларга дуч келганини ёзди. Улар орасида энг катта йўқотиш – марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг беллашувда иштирок эта олмаслигидир.
Эсингизда бўлса, ўтган йилнинг 2 ноябрь куни Абдуқодир Ҳусанов ПСЖга қарши ўтказилган учрашувда қизил карточка олиб майдонни тарк этган эди. Франция футбол федерация Тартиб-интизом қўмитаси ўта қўпол ўйнаган легионеримизни икки учрашувга дисквалификация қилган ва маълум муддат рақибга нисбатан қўпол ўйнашдан ўзини тийиш шартини ҳам қўйганди.
Ҳусанов бу гал 22 декабрда Франция кубоги доирасида ПСЖга қарши ўтказилган баҳснинг энг зўр ўйинчиларидан бўлиш билан бирга 76-дақиқада яна қўполлик қилди ва бош ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди. Бу огоҳлантириш Ҳусановга нисбатан янги санкцияларни қўлланилишига асос бўлди.
Тартиб-интизом қўмитаси навбатдаги йиғилишида “Ланс” футболчиси Абдуқодир Ҳусанов “Тулуза”га қарши учрашувни ўтказиб юбориши ҳақида қарор чиқарди.
Манбага кўра, бўлажак баҳсда “Ланс”нинг яна бир неча асосий таркиб футболчилари иштирок этмайди. Дарвозабон Брис Самба қишки трансферлар вақтида клубни тарк этиш истагини билдирган ва ҳозир янги жамоага ўтиш жараёни билан банд.
Реми Лабо-Ласкари ва Мартин Сатриано жароҳатини даволатиш билан овора. Ҳужумчи Уэсли Саиднинг жароҳати қайталанди ва ҳам муайян муддат жамоага ёрдам бера олмайди. Шикастланган ўйинчилар қаторига Нил Эл-Айнауи ҳам қўшилди.
“Ланс” ҳимоясида Ҳусанов билан елкама-елка ўйнаб келаётган Факундо Медина байрам муносабати билан Аргентинага кетган ва оилавий сабабларга кўра, ортга қайтиш учун ҳали йўлга чиққани йўқ.
Хабарингиз бор, қишки трансферлар вақтида бир неча клуб Абдуқодир Ҳусановни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда. Шу боис, бош мураббий Уилл Стилл жамоани ўзбек футболчисиз ўйнатишга тайёргарлик кўриши керак. Трансфер бўйича экспертлар “Ланс” раҳбарияти “Манчестер Сити”, ПСЖ, “Атлетико Мадрид”, “Тоттенхэм”, “Байер”, “Лейпциг”, “Аталанта”, “Наполи”, “Ньюкасл” каби клублар нишонига тушган Абдуқодир Ҳусановни жамоада сақлаб қолиш имконияти жуда пастлигини таъкидламоқда.
Ўз навбатида, sports.uz портали “Ланс” мухлисларининг Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ва муносабатларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
Йода62:
Ўзи Ҳусанов ҳали ҳам жамоадамикин ёки уни олиб кетишдими?
Бонапарт:
Менга қолса, қишда Абдуқодир Ҳусановни Англиянинг гранд клубларидан бирига сотиб юбориб, мавсум охиригача “Ланс”да ижарага олиб қолиш керак.
Даэль87:
Ҳусановни жамоа олиб қолиш керак. Ҳеч бўлмаса, шу мавсум тугагунича. Агар қишки трансферлар вақтида Кевин Дансони ҳам, Абдуқодир Ҳусановни ҳам сотиб юборсак, жамоа барбод бўлади.
ГОЛЕАДОР9:
Банопартнинг гапларига қўшиламан. Ҳусановни гранд клубга қўйиб юбориб, мавсум охиригача ижарага олиб қолсак зўр бўларди.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда барча турнирларда 16 та учрашувда иштирок этиб, битта ассист қайд этган, битта қизил ва иккита сариқ карточка билан жазоланган.
Фикрлар