Ана холос: Жаҳон чемпионати йўлидаги рақибимиз Сардор Азмун таркибдан четлатилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йили бўладиган жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида Эрон билан рақобатлашади.

Эронликларнинг етакчи ҳужумчиси Сардор Азмуннинг клубдаги ишлари юришмаяпти.

Ўтган йили “Байер” уни “Рома”га ижарага бериб юборганди. Тажрибали ҳужумчи Римдан ортга қайтишига тўғри келди.

“Байер” бош мураббийи Хаби Алонсо осиёлик футболчини асосий таркибдан ва машғулотлардан четлатди. Bild нашрининг ёзишича, бунга Сардорнинг мавсумолди тайёргарлик жараёнидаги биринчи машғулотга келмагани ва бу ҳақда клуб ҳамда мураббийлар штабини огоҳлантирмагани сабаб бўлди.

Азмун ўзини ёмон ҳис қилгани боис, машғулотга кела олмаганини таъкидлади. Бироқ буни у машғулотлар тугаганидан кейин айтди.

Бундан ташқари, Хаби Алонсо эронлик форварднинг жисмоний ҳолатидан ҳам қониқмагани айтилмоқда. Энди Азмун индивидуал дастур бўйича якка тартибда шуғулланишига тўғри келади.

Манбаларга кўра, “Байер” мутасаддилари 29 ёшли ҳужумчини сотиб юбориш бўйича иш олиб бормоқда. Ҳозирча, Испания чемпионатидан “Севилья” Азмунни ўз сафига қўшиб олиш имкониятини ўрганиб чиқмоқда.

Азмуннинг леверкузенликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ярмигача тузилган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!