Ана холос! Роналдуни кўрмаган кореялик мухлислар ташкилотчилардан 50 млн евро талаб қилишмоқда
Ads

Жанубий кореялик мухлислар “Ювентус” ҳамда К-Лига юлдузлари ўртасидаги учрашув ташкилотчилари билан судлашишмоқчи.

Гап шундаки, стадионга келган 60 минг нафар мухлис туринликларнинг асосий юлдузи Криштиану Роналдуни майдонда кўришмаган. Шартномада эса Роналду ушбу учрашувда камида 45 дақиқа ўйнаши ва ўйиндан сўнг дастхат қўйиш маросимида иштирок этиши белгилаб қўйилган эди.

Football Italia нашри тарқатган хабарга кўра адвокат Ким Мин-Ки ташкилотчиларга жамоавий даъво аризаси тайёрламоқда. У чипталар учун тўланган 52,40 евро ва унинг комиссияси учун 0,76 евро, бундан ташқари етказилган маънавий зарар учун ҳар бир мухлисга 760 евродан товон пули тўланишини талаб қилмоқчи. Бу эса тахминан 50 млн евро бўлади.

Эслатиб ўтамиз, “Ювентус” бош мураббийи Маурицио Сарри шу куни Роналду жароҳати сабаб майдонга тушмаганини иддао қилган эди.