Анчелотти Бразилия терма жамоаси билан шартномасини 2030 йилгача узайтирди
Карло Анчелотти Бразилия миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолиятини давом эттиради.
Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) расман маълум қилишича, италиялик мутахассис билан шартнома яна тўрт йилга — 2030 йилги Жаҳон чемпионатига қадар узайтирилди.
CBF баёнотида таъкидланишича, Анчелоттининг терма жамоада қолиши нафақат мураббийнинг ишига бўлган қўллаб-қувватлаш, балки у қисқа вақт ичида жамоа ва мухлислар ишончини қозонганининг ҳам ифодаси ҳисобланади.
"Анчелотти 2025 йил май ойи охирида жамоага келганидан бери Бразилия футболини мустаҳкамлашда марказий фигурага айланди. У CBFнинг турли бўлимлари билан яқин ҳамкорлик қилиб, ўзаро тушуниш, барқарорлик ва самарали ишга асосланган муносабатларни шакллантирди", — дейилади баёнотда.
Собиқ "Реал" мураббийи қўл остида Бразилия терма жамоаси ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритган.

Фикрлар