Анчелотти Бразилия терма жамоасини бошқаришга тайёр

Қатардаги жаҳон чемпионатидан сўнг Бразилия терма жамоаси ҳанузгача бош мураббийсиз қолмоқда. Жамоанинг устози Тите Хорватияга қарши учралган мағлубиятдан кейин лавозимидан озод этилганди.

Бразилияда машҳур италиялик мутахассис Карло Анчелотти иш бошлаши кутилмоқда.

"Globo Esporte" нашри хабарига кўра, Бразилия футбол конфедерацияси вакиллари воситачилар орқали Анчелоттининг "пентакампеонлар"ни қабул қилишга тайёрлигини аниқлаган. Бу иш фақат 2022/2023 йилги мавсум якунида амалга ошиши мумкин.

Манбага кўра, конфедерация раҳбари Эдналдо Родригес февраль ойида "Реал" президенти Флорентино Перес билан учрашиб, Карло Анчелотти трансферини муҳокама қилишни режалаштирган. Италиялик мураббийнинг Мадрид клуби билан амалдаги шартномаси 2024 йилгача мўлжалланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!