Анчелотти ва Хави матбуот анжуманини "ёндирди" ёхуд "Реал" финалга тайёр, "Барса" эса қасос олмоқчи

Испания суперкубоги финал ўйини доирасида "Реал" ва "Барселона" жамоалари бугун Саудия Арабистонида ўзаро тўқнаш келади. Беллашув 00:00 да старт олади.

Мазкур баҳс олдидан икки жамоа бош мураббийлари матбуот анжуманида иштирок этди. Биз сизга дастлаб "қаймоқранглилар" бош мураббийи Карло Анчелоттининг фикрларини тақдим этамиз.

reabar

Карло Анчелотти: "Ҳимоя - бизнинг энг катта муаммомиз. Бу ҳақда олдин ҳам гапиргандим. "Валенсия"га қарши ўйинда айнан ҳимоячиларимизнинг хатоси сабаб гол ўтказиб юбордик. Умид қиламанки, "Барселона" билан бундай ҳолат кузатилмайди.

- Биз учун барча совринлар қадрли. Бугунги финалга ҳам бор кучимизни ташлаймиз. Бу сиз ўйлаганингиздан кўра аҳамиятлироқ баҳс. "Барселона" биздан кўра кўпроқ ғалаба қозонишни истаяпти? Йўқ, бу гапга қўшилмайман. Ўзимизга ишонамиз ва яна бир совринни қўлга киритишга умид қиламиз.

- Хавининг майдон ҳолати ёмон экани ҳақидаги фикрига қўшилмайман. Стадион яхши ҳолатда.

real

- Бензема яна аввалги даражасига чиқди. У финалга тайёр ва мавсумнинг қолган қисмида биз билан бирга бўлади. Жароҳатлар бўлмаслигини ҳамма каби мен ҳам истайман, албатта! Васкес бугун айнан шу нарса сабаб учрашувни ўтказиб юборади, Милитао муаммосиз машғулотларда иштирок этди. Модрич ва Кроос ҳам "эл-класико"га шай ҳолда. 

Ундан сўнг матбуот анжумани "кўк-анорранглилар" бош мураббийи Хави билан давом эттирилди. Мутахассис эса рақиб ва бугунги финал беллашуви борасида қуйидаги фикрларни илгари сурди:

Хави: "Биз озроқ ҳаяжондамиз. Буни тан оламан. Агар бу финалда ғалаба қозонсак, мазкур соврин билан мавсумнинг қолган қисми буткул ўзгариб кетиши мумкин. "Реал"нинг жуда кучли эканини алоҳида таъкидлайман.

- Руҳий томонлама рақиб бироз устунликка эга. Сабаби, улар кўп марта финалларда ўйнаб келмоқда. Биз эса анчадан бери бу каби ҳал қилувчи ўйинларда иштирок этмадик. Бу сафар ютишимиз шарт. Кубокда ғолиб бўлмаган кўплаб футболчиларимиз борлиги биз учун фойда бўлиши ҳам мумкин. Чунки бу йигитлар учун бугунги "эл-класико" катта имконият. 

barca_2

- Охирги тўқнашувдан бу сафаргиси фарқ қилади, албатта. Бизда бу сафар йўқотишлар деярли йўқ ва бу ўз таъсирини кўрсатади. Ўз ўйинимизни намойиш этиш, ҳимояда уларнинг ҳужумчиларини зарарсизлантиришга ҳаракат қиламиз. Биз ўтган мавсумдаги мағлубият учун "реванш" олишни хоҳлаймиз.

- Биринчи голнинг аҳамияти юқори. Аммо унга эришиш ҳеч қачон осон бўлмайди. Айниқса, рақибингиз "Реал"дек жамоа бўлса. 

- "Барселона" сингари катта клубда ишлашнинг босими ўта юқори. Сабаби, жамоанинг миллиардлаб мухлислари бор десам, адашмайман. Бу мен учун ёқимли жараён. Ишлашда давом этишимиз керак. шу билан бирга, танқидларга муваффақиятларимиз билан жавоб беришни истайман.

Маълумот ўрнида, финал баҳси бугун тунги соат 00:00 да старт олади. Учрашув Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтади.

 

Инглиз тилидан Шоҳрух Зоиров таржимаси. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!