"Андижон" 38 ёшли ҳужумчиси билан орани очиқ қилди. Трансфернинг сўнгги соатларида эса иккита келишувга эришди
“Андижон” ёзги селекция чоғида яна трансферларни амалга оширди. Унга кўра, сербиялик чап қанот ҳимоячиси Любиша Пецель билан шартнома имзоланди ва у расман жамоамизнинг янги аъзосига айланди.
Маълумот учун:
Любиша Пецель
Туғилган йили: 29.09.1993
Амплуаси: чап қанот ҳимоячиси
Тўп сурган жамоалари: “Тренбиже” (Босния ва Герцеговина), “Банжа Лука” (Босния ва Герцеговина), ХНК (Босния ва Герцеговина), “Рудар” (Босния ва Герцеговина), “Звезда” (Босния ва Герцеговина), “Челик Зеница” (Босния ва Герцеговина), “Колубара” (Сербия), “Металац” (Сербия), “Раднички” (Сербия).
Любишанинг охирги жамоаси Сербия Суперлигаси вакили “Раднички” жамоаси.
Бундан ташқари, трансфер ойнаси ёпилишига саноқли дақиқалар қолганидан “Андижон” жамоаси яна бир футболчи билан келишувга эришди. Яъни, биринчи даврани Самарқанднинг “Динамо” жамоасида ўтказган иқтидорли ярим ҳимоячи Дамир Темиров билан келишувга эришилди. У мавсум охирига қадар “Андижон” таркибида ижара асосида тўп суради. Темиров “Динамо”да жорий мавсумда ҳаммаси бўлиб 11 та учрашувда майдонга тушди.
Маълумот учун
Дамир Темиров
Туғилган санаси: 28.07.1998
Амплуаси: Ярим ҳимоячи
Шу билан бирга “Андижон” яна бир футболчи билан хайрлашди. 2,5 йил мобайнида клуб шарафини муносиб ҳимоя қилган тажрибали ҳужумчи Шаҳбоз Эркинов билан ўзаро келишган ҳолда шартнома бекор қилинди ва дўстона равишда хайрлашишди.
Эркинов “Андижон”га 2022 йили қўшилган бўлиб, “Бургутлар”нинг про лигадан Суперлигага қайтишида ўзининг катта ҳиссасини қўша олди. Қолаверса, у жамоа таркибида тўпурарлик салоҳиятини ҳам намойиш этди. Футболчи “Андижон” либосида ҳаммаси бўлиб 37 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 15 та гол урди.
Фикрлар