"Андижон" Анталиядаги илк ўйинини ўтказади. Бўлажак рақибида бош мураббий ўзгарди ёхуд мухлислар учун қизиқарли маълумотлар
Туркиянинг Анталия шаҳрида қишки тайёргарлигининг учинчи босқичини ўтказаётган "Андижон" олдиндан режа қилинганидек, 31 январь куни Руминиянинг “Чиксереда” клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Бу клуб вакилларининг Анталиядаги илк ўйинига айланади.
Хўш, "Андижон"нинг илк рақиби – “Чиксереда” ҳақида нималарни биламиз? Табиийки, клуб мухлислари ҳам бу борада кенгроқ маълумот олиш истагидалар.
Аслида жамоанинг тўлиқ номи “Чиксереда Меркуря Чук” деб номланади. 1904 йилда ташкил топган. Руминияда Лига-2 чемпионатида қатнашади. Бу ўзимизнинг про лига кабидир. Биринчи рақамли мусобқаси Лига-1. Руминия Лига-2 мусобақасида жами 20 та клуб иштирок этади. “Андижон”нинг бўлажак рақиби турнир жадвалида 20 та клуб орасида 7-ўринда боряпти. Бу жамоа 4 йилдан буён Лига-2 вакили бўлиб келмоқда.
"Андижон"нинг бўлажак рақиби ҳақида энг муҳим маълумот шундаки, яқинда жамоада янги бош мураббий ишга киришди. Бу ҳақида "Андижон" матбуот хизмати хабар бермоқда. Германиялик Вернер Бёргер “Чиксереда” устози сифатида фаолиятини бошлади. У шу йилнинг 23 январь куни расман бош мураббий этиб тайинланди. 1958 йилнинг 23 апрель куни Германиянинг Констанц шаҳрида таваллуд топган. Бёргернинг охирги жамоаси Шотландиянинг “Данди Юнайтед” жамоаси ҳисобланади. У ерда мураббийлар штабида ишлаган. Орадан бир неча мавсум ўтганидан кейин Вернер “Чиксереда” таклифини қабул қилди. Германиялик мутахассисдан аввал Руминия клубини маҳаллий мураббий Барна Байко бошқариб келаётганди. Аммо у ўз жойини немис мутахассисига бўшатиб берганига қарамай, “Чиксереда”нинг мураббийлар штабида ишлашда давом этяпти.
Клуб уй ўйинларини “Municipal Miercurea Ciuc” стадионида ўтказади. Бу камтарона ўйингоҳ бўлиб, ўз бағрига 2000 минг мухлисни сиғдиради.
Клуб етакчиси ва сардори – бу венгриялик Давид Келемен. Ўз вақтида Венгрия U-21 терма жамоасида 11 та ўйинда майдонга тушган. 2022 йилнинг июль ойидан бери “Чиксереда” учун тўп суриб келмоқда. 31 ёшли футболчи 2022\2023 йилги мавсумда ҳозиргача 13 та ўйинда майдонга тушган ва бир бор сариқ карточка билан сийланган. Дарвоқе, Келемен марказий ҳимоя позициясида ҳаракат қилади.
Шунингдек, жамоанинг яна бир муҳим футболчиларидан бири 30 ёшли ҳужумкор ўйинчи Лоран Ковач. У ҳам венгриялик ҳисобланади ва ҳозиргача 16 та беллашувда 7 та гол урган ҳолда жамоасининг тўпурари бўлиб турибди. Айтишларича, унинг чап оёқда берадиган зарбалари кучли. Айнан ушбу футболчи “Чиксереда”нинг энг қиммат ўйинчиси саналади. Transfermarkt порталида унинг баҳоси 200 минг евро.
“Чиксереда” таркибида кўплаб легионерлар бор ва уларнинг аксарияти Венгриядан. Шунингдек, Испания, Марокаш, Словения, Миср, Словакия, Италиядан келган легионерлар бор. Жамоанинг ўртача ёши эса 23,8 ни ташкил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Андижон” ҳамда “Чиксереда” жамоалари ўртасидаги учрашув бугун (31 январь) Белекда маҳаллий вақт билан соат 16:30 да бошланади. Тошкент вақтига эса 18:30 га тўғри келади.
Фикрлар