"Андижон" "чақилмас ёнғоқ" бўладими? "Насаф" билан ўйинда қандай қилиб натижа кўрсатмоқчи? Хомяков жамоасининг тайёргарлиги ва чемпионат фаворитлари ҳақида
“Андижон” бош мураббийи сифатида яна фаол иш фаолиятига қайтган Александр Хомяков бор эътиборини клубга қаратган. Чунки янги мақсад сари қадам ташланяпти ва бу борада бош мураббийнинг роли жуда катта.
Маълумки, “Андижон” чемпионатнинг илк турини сафарда “Насаф”га қарши ўтказади. Янги мавсум бошланиши олдидан Александр Андреевич тайёргарлик ва яна бошқа мавзуларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Чемпионат олдидан бош мураббийда ҳаяжон борми?
- Мавсум бошланишини интизорлик билан кутяпмиз. Ҳаяжон борасида гапирсам, бу ҳар қандай инсонда бўлади. Доимо чемпионатни ишончли бошлаш муҳим саналади. Вилоят раҳбарияти ва мухлисларимиз олдимизга вазифа қўйган. Шу жиҳатдан мавсум бошида бироз ҳаяжон бор. Мақсадимиз режа қилганларимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
Қишки тайёргарликдан қониқдими?
- Албатта, қониқдим. Авваламбор бош директоримиз Улуғбек Абдусатторовичга бизга шароит яратиб берганлиги учун миннатдорчилик билдираман. Йиғинларимиз юқори савияда ташкиллаштирилди. Бундай эътибордан мамнунмиз. Тўғри, Дукентдаги йиғин ноқулай об-ҳаво туфайли кўнгилдагидек ўтмаганди. Туркиядаги йиғинда эса буни ўрнини тўлидиришга ҳаракат қилдик. Жамоавий ўйин устида ишладик. Легионерлар келиб кўшилди, режаларимизни катта қисмини бажардик. Умумий қараганда, қониқдим, албатта.
Жамоа мавсумга неча фоизга тайёр?
- Фоизда кўрсатиб ўтиш қийин. Асосийси, қандай старт олишимиз муҳим. Жамоанинг функционал ҳолати ёмон эмас. Асосий масала ҳужумдаги тажовузкорлигимизни янада оширишимиз лозим. Голга олиб келадиган ўйин бошлангунча бу муаммони ҳал қиламиз.
Натижа муҳимлиги ҳақида
- Албатта, масъулиятни ҳис қилиб турибмиз. Бизни вилоят раҳбарларимиз кузатиб боришади. Мухлисларимиз ҳам биздан натижа кутишмоқда. Чиройли ўйин орқалими, ҳимояга мослашганми ёки тажовузкор ўйин намойиш этиш биланми, асосийси натижа қўрсатиш керак бўлади.
“Насаф” хусусида
- “Насаф” чемпионатнинг байроқдор жамоамиз ҳисобланади. Уларда кадрлар масаласида муаммолари мавжуд. Легионер ҳужумчиси жароҳат олиб сафдан чиққан. Сербиялик асосий ярим ҳимоячиси Станоевичда ҳам шундай ҳолат. Ҳужумкор футболчиси Норчаев жамоани тарк этган ва Россиянинг “Алания” клубига бориб қўшилди. Ҳа, жамоа бу муаммосини бошқа иқтидорли кадрлари билан тўлдиради, албатта. Ушбу жамоа билан мавсум стартида ишонч билан ўйнаш муҳим саналади.
Илк турдаги имконият тўғрисида
- Имконият ҳақидами? Бу футбол. Тахмин қилиш қийин. Мураббийнинг иши кўриниши учун жуда катта факторлар бор. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Об-ҳаво, майдон ҳолати, ёмғирли бўлиши, шу каби факторлар юз бериши ҳеч гап эмас. Шунинг учун биз ҳар қандай ҳолатда ишончли футбол намойиш этишга ҳаракат қиламиз ва қандайдир ҳолат бизнинг фойдамизга бўлишини истайман.
Мураббий учун чемпионат фаворитлари
- Бизда доимо буни мода деса бўлади. Яъни, “Пахтакор”ни айтишим мумкин, медал учун курашадиган “Навбаҳор” кўриниб турибдики, вазифаси жуда юқори. “Насаф” совринли ўринлар учун доим курашиб келади. Шунингдек, АГМКни ҳам қўшишимиз керак ва яна қандайдир жамоа қўшилиши мумкин, кўрамиз.
“Андижон” "чақилмас ёнғоқ" бўладими?
- Ҳа, албатта. Биз одимизга қўйилган вазифалардан келиб чиқиб "чақилмас ёнғоқ" бўлишни истаймиз. Ишончли ўйинларимиз орқали намоён бўлиши хоҳлаймиз.
Мухлисларга қандай гапи бор?
- Биз мухлисларимиз олдида қачон ўйнашимизни ҳали билмаймиз. Стадион тўла мухлисларимизнинг далдаси бизга жуда керак. Биламан, улар ҳар қандай ҳолатда ҳам бизни қўллаб-қувватлаб келишади. Озми-кўпми, мухлисларимиз келиб қувватлашларини ҳам ҳис этиб турибман. Албатта, уларнинг далдаси биз учун муҳим саналади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар