"Андижон" дарвозабони: "Битта ўйин билан ҳамма нарсага эришсак бўлади"
Маълумки, “Андижон” жамоамиз ҳозирда 24 октябрь куни ўз майдонида “Турон”га қарши ўтказиладиган ўта муҳим беллашувга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Мазкур ўйиннинг аҳамияти ва масъулияти қанчалик муҳим эканини барча футболчилар жуда яхши ҳис қилиб туришибди. Чунки ғалаба бизга расман Суперлига эшигини очади. Жамоамизнинг асосий дарвозабонларидан бири – Элдор Адҳамов эса бўлажак учрашув олдидан қуйидагиларни айтди:
“Бу ўйиннинг қанчалик муҳимлигини фақат футболчилар эмас, балки бутун Андижон халқи тушуниб турибди. Битта ўйин билан ҳамма нарсага эришсак бўлади. Худо хоҳласа, бор кучимиз билан тайёргарлик кўряпмиз.
Осон учрашув бўлмайди. Жиддий кураш кечади ва биз айнан мана шунга тайёргарлик кўряпмиз. Аллоҳ омадимизни бериб, юзимизни ёруғ қилса, муддатидан олдин Суперлига ва чемпионлик масаласини ҳал қиламиз. Шунинг учун бу учрашувга бутун диққат-эътиборимиз қаратилган ва бор кучимизни берамиз. Буни ҳамма билиб турибди.
Албатта, “Турон” ҳам оддий рақиб эмас. Шунга яраша жуда қизиқ ўйин бўлади, деб ўйлайман. Барча мухлислардан, Андижон халқидан бизни стадионда қўллаб-қувватлаб туришларини сўрайман. Чунки уларнинг олқишлаб туришлари ҳам бизга анча куч-қувват беради. Биз бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз”, - дейди Элдор Адҳамов.
"Андижон" матбуот хизмати.
Фикрлар