"Андижон" дарвозасига 2 пенальти ва жамоанинг 4 нафар аъзосига қизил карточка, натижа эса...
Қаршидаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтган “Қизилқум” – “Андижон” ўртасидаги учрашув ва айниқса ундаги ҳакамлик кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. Таъбир жоиз бўлса, “Андижон” бу кеча “Қизилқум” билан биргаликда ҳакамларга қарши ҳам курашишига тўғри келди. Аввал бошидан айтиш лозимки, баҳсни бошқарган Сардор Исматуллаев учрашув тизгинини қўлидан чиқариб юборди. Бу бор гап.
Албатта, ўйин “Андижон” учун яхши бошланмади. Дастлабки дақиқалардаёқ жарима зарбасидан кейин гол ўтказиб юборилди. Аслида ўша ҳолат ҳам баҳсли эди. Бўлим ўрталарида эса “Андижон” футболчиси Илҳом Абдуғаниевга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатилди. Бу ҳолатда ҳакам ВАР билан гаплашдими-йўқми, бизга қоронғу, бироқ у ўз қарорини четлатиш орқали ифодалади. Тайм охирларида навоийликлар пенальтидан иккинчи голни урдилар. Лекин бунга жавобан ҳужумчи Рустам Турдимуродов узоқ масофадан ўзининг чиройли зарбаси билан жавоб қайтарди. “Андижон” бир киши кам бўлиб қолса-да, бўлим якунида ташаббусни қўлига олди. Турдимуродов гол ургач, яна бир вазиятда қулай имкониятга чиқиб кетаётганида рақиб ўйинчилари уни йиқитишди. Акс ҳолда ҳужумчи бирга-бир вазиятга чиқиб кетган бўларди. Аммо бош ҳакам бу ҳолатга эътибор қаратмади ва ўйинни ҳеч нима бўлмагандек давом эттирди. Шунчаки, ўйин қоидаси бузилишига кўз юмди.
Иккинчи бўлим янада турли воқеаларга бой бўлди. Майдонда сон жиҳатдан камчилик бўлиб қолган “Андижон” номинал мезбонларга қарши мардонавор курашди ва 78-дақиқада “Бургутлар” тезкор қарши ҳужумга ўтишди. Натижада Рустам Турдимуродов тезкорлик билан ҳимоячини ортда қолдириб яккама-якка вазиятга чиққан ҳолда ўзининг ва жамоасининг иккинчи голини уриб, 2:0 ни 2:2 га айлантирди.
Бош ҳакамнинг яна бир қарори жуда баҳсли бўлди. “Қизилқум” ҳужуми вақтида жарима майдони ичида тўп учун курашда икки футболчи ўртасида одатий контакт ҳолати юз берди. Лекин ҳакам ВАР билан гаплашгач, бу вазиятни пенальти дея баҳолади ва "Андижон" дарвозаси томон иккинчи маротаба 11 метрли нуқтани кўрсатди. Бу албатта ирода кўрсатиб, 10 киши қолса-да, катта меҳнат ва жасорат орқали 2:0 ҳисобидаги мағлубиятни 2:2 га айлантирган жамоа учун жуда оғриқли ва аламли эди. Шу боис майдонда баҳсли вазият юзасидан ҳакамга жиддий эътирозлар бўлди. Хуллас, “Қизилқум” учинчи голни ҳам урди. Бундай оғир пайтда исталган жамоа руҳан тушкунликки тушиб қолади. Бироқ “Андижон” футболчилари ирода устига ўз иродаларини яна намойиш қилдилар. Захирадан майдонга тушган Леван Арвеладзе 90+8 – дақиқада чиройли гол муаллифига айланди ва жамоа яна мағлубиятдан чиқиб кета олди.
Бутун учрашув давомида ҳакам фақат “Андижон” аъзоларига сариқ ва қизил карточкалар кўрсатди. Буларнинг бари юқорида айтганимиздек, унинг ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборгани билан боғлиқ. Факт шундаки, "Андижон" дарвозасига 2 та пенальти белгиланган ва 4 нафар жамоа (футболчидан ташқари, бош мураббий, унинг ёрдамчиси ва ҳатто массажчи) аъзосига қизил карточка кўрсатилган бўлишига қарамасдан “Андижон” “синмади”. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “Бургутлар” камбэк амалга оширди ва бундай оғир учрашувда жанговар характерини намойиш этгани таҳсинга лойиқ. Аслида ҳакамлар мавзусига ёпишиб олиш ниятида эмасмиз. Жамоа доим фақат ўз ўйини ҳақида қайғуради. Лекин мана бундай пайтларда, футболчилар меҳнат қилиб майдонда озчилик бўлиб қолса ҳам мағлубиятдан қутулиш учун курашаётганда ҳакамларнинг бир ёқлама қарорлари ўйин натижасига ва меҳнат қилаётган жамоага путур етказиб қўяди.
Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази томонидан мазкур ҳолатлар эксперт-ҳакамлар комиссиясида кўриб чиқилиши баён қилинди. Бу борада учрашувни бошқарган ҳакамлар қарорлари тўғри ёки нотўғри дея баҳоланадими, бу уларнинг иши. Лекин биз шунчаки одилона ҳакамлик тарафдоримиз.
“Қизилқум” – “Андижон” – 3:3 (2:1).
15 июнь. Қарши. “Марказий” стадион. 402 томошабин.
Ҳакамлар: Сардор Исматуллаев, Ислом Азимов, Шерзод Аъзамов
Захира ҳаками: Никита Мустафин
ВАР: Азиз Асимов
АВАР: Санжар Шоюсупов
Назоратчи: Олег Дачев
Комиссар: Феруз Ғаниев
“Қизилқум”: Роберт Озолс, Илҳом Ваҳобов (Жамолиддин Убайдуллаев, 80), Даврон Анваров (Шахбоз Жўрабеков, 67), Гиорги Кухианидзе, Элгужа Лобжанидзе (Файзулла Жуманқўзиев, 67), Акаки Шулайя, Николай Тарасов, Муҳаммадали Ғиёсов, Шахзодек Раҳматуллаев, Самандар Шукуруллаев, Азизбек Усмонов.
“Андижон”: Игорь Литовка, Абудвоҳид Ғуломов, Владимир Бубанья, Ислом Маматказин, Илҳом Алижонов (Абдураҳмон Комилов, 69), Илҳом Абдуғаниев, Фарҳод Бекмуратов (Леван Арвеладзе, 69), Сардор Азимов (Шахром Самиев, 69), Муҳаммадкарим Тоиров (Шерзод Эсанов, 69), Бектемир Абдуманнонов (Фарҳод Соҳибжонов, 79), Рустам Турдимуродов.
Голлар: Акаки Шулайя, 3 – 1:0. Элгужа Лобжанидзе, 41-пен. – 2:0. Рустам Турдимуродов, 44 – 2:1. Рустам Турдимуродов, 78 – 2:2. Акаки Шулайя, 90+3-пен. - 3:2. Леван Арвеладзе, 90 +8 – 3:3.
Огоҳлантиришлар: Сардор Азимов, 2. Александр Хомяков, 24. Абдувоҳид Ғуломов, 73. Абдураҳмон Комилов, 83. Шахром Самиев, 90.
Четлатишлар: Илҳом Абдуғаниев, 24. Элёр Раҳматуллаев, 88. Азизбек Каримов, 90+1. Александр Хомяков, 90+8.
Фикрлар