"Андижон" футболчиси: "Ажойиб мухлисларимиз бор, уларни олдида гол уриш орзуим эди"

“Андижон” Суперлиганинг 22-турида “Бобур арена”да Тошкентнинг “Олимпик” клубини қабул қилди ва Абдураҳмон Комиловнинг 85-дақиқада киритган ягона голи “Бургутлар”га жуда муҳим ғалабани келтирди.

Иқтидорли ҳимоячи 77-дақиқада захирадан майдонга тушди ва ўзига билдирилган ишончни оқлаган ҳолда ғалабага муносиб ҳиссасини қўшди. Қолаверса, Абдураҳмон фаолиятидаги биринчи голини киритишга муваффақ бўлди.

 “Андижон” матбуот хизмати эса футболчидан интервью олди.

- Абдураҳмон, ғалаба билан табриклайман. Фаолиятингиздаги биринчи голни урдингиз. Захирадан майдонга тушаётганда гол уришни мақсад қилганмидингиз?

- Ғалаба билан сизни ҳам, бутун Андижон халқини ҳам табриклайман. Захирадан майдонга тушиб жамоамизга ёрдам беришни мақсад қилгандим. Аллоҳга шукр, бунга эришдим, деб ўйлайман.

- Бизда имкониятлар кўп бўлди, лекин голга айлантиришда қийналдик. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ эди?

- Ҳа, тўғри, бизда имкониятлар жуда кўп бўлди. Ҳамма ҳаракат қилди, гол урушга. Рақиб чуқур ҳимояга ётиб олганлиги учун гол бўлиши қийинроқ кечди, деб ўйлайман.

-  “Олимпик” сиз кутгандек қаршилик кўрсатдимм ёки...

- “Олимпик” яхши ҳимояланди. Биз бунга тайёргарлик кўргандик. Мураббийларимиз томонидан керакли кўрсатмаларни олгандик.

- Фаолиятингиздаги илк голингизни кимга бағишладингиз?

- Бу голни оиламга, яқинларим ва бизни қўллаб-қувватлаб турган барча мухлислармизга бағишлайман.

- Ҳимоячи сифатида ҳужумда гол уриш сизга қандай ҳиссиётларни тақдим қилди?

- Тўғриси, гол уришни ҳар ўйинга чиқаётиб ният қиламан. Аллоҳга шукр, шу ўйинда насиб қилган экан. Хиссиётларга келсак, ажойиб мухлисларимиз бор. Уларни олдида гол уруш орзуим эди. Жамоамга ёрдам берганимдан жуда хурсандман. Улар бизни учрашув бошидан охиригача қўллаб-қуватлашди. Бунинг учун каттакон раҳмат айтаман.

- Кейинги рақиб “Пахтакор” ва тайёргарлик бошланган. Бўлажак баҳс олдидан нима дея оласиз?

- “Пахтакор” кучли жамоа. Худо хоҳласа, уларга қарши яхши тайёрланиб мураббийларимизнинг айтганларини бажариб, мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!