"Андижон" футболчиси: "Менга "сигнал" бўлди"
“Андижон” жамоаси “Турон” майдонида мардонавор курашди ва иродали тарзда ғалаба қозонди. Чунки “бургутлар” майдонда 10 киши бўлиб қолишганига қарамай, якунда қимматли ғалабани илиб кетди.
Ўйиннинг 70-дақиқасида Муҳаммадкарим Тоировнинг четлатилиши сабабли андижонликлар жуда қийин аҳволга тушиб қолди. Аммо шунга қарамай, футболчилар катта жасорат кўрсатди.
Жамоадошларини мураккаб вазиятга солиб қўйган ўйинчи ғалаба билан тугаган баҳс хусусида шундай деди:
- Авваламбор, Андижондан келиб, бизга куч-қувват бериб туришгани учун барча ишқибозларимизга раҳмат айтаман. Майдонда иккала жамоа ҳам кучли ўйин кўрсатди. Худо омадимизни берди ва биз ғалаба қозондик. Шу ўринда айтмоқчиманки, жамоамни қийин аҳволга тушириб қўйганим учун барчадан узр сўрайман. Барибир, Худонинг айтгани бўлади, шукрки, биз ғалаба қозондик. Кейинги учрашувларда бундан-да, чиройли ўйинлар кўрсатиб мухлисларимизни хурсанд қилишда давом этамиз.
- Қизил карточка кўрсатилган вазиятда ўзи нима бўлди? Ҳакам тўғри кўрсатдими?
- Биринчи вазиятга келсак, ўйин бошиданоқ ҳакам биринчи қўполлик учун сариқ карточка кўрсатиб юборди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Қоида бузилдими, ҳакам аввалига оғзаки огоҳлантириб қўйиши керак эди. Аммо у бундай қилмасдан тўғридан-тўғри сариқ карточкани кўрсатди, нимага бундай қилди, билмадим. Иккинчи ҳолатга келсак, тўғри улгурмай қолдим, аммо аслида сариқ карточкага ҳам у қадар тортмасди.
- Майдондан четлатилганингиздан кейин нималарни ўйладингиз?
- Жамоамизни қийин вазиятга солиб қўйдим, бу менинг айбим, тан оламан. Лекин жамоадошларимга миннатдорлик билдираман. Улар майдонда шунчалик борини бериб курашишди.
- “Андижон” охирги дақиқада гол уриб ютиб кетди. Ҳолбуки, дуранг қайд этилаётганди. Сўнгги дақиқада ғалаба голи урилишини кутганмидингиз?
- “Турон” ҳисобни тенглаштирганида аҳволим янада қийинлашиб қолди. Чунки жамоам оғир аҳволда қолгани ва ёрдам бера олмаётганим учун ич-ичимдан сиқилиб ўтирдим. Ўзимни ниҳоятда ноқулай ҳис қилдим. Аммо Аллоҳ куч-қувват берди ва жамоадошларим иккинчи голни урди. Яна бир бор жамоамдагиларга катта раҳмат. Бу ҳолат менга “сигнал” бўлди. Кейинги сафар энди ўйланиброқ, эҳтиёткор бўлиб ҳаракат қиламан. Жамоадошларимни бундай қийин аҳволга солиб қўймоқчи эмасман. Биласизми, жамоамиз гол уришини кутаётгандим ва бунинг учун Худодан сўраётгандим. Ечиниш хонасида ўтиргандим, ҳисоб 1:1 ва мен жуда тушкун аҳволда эдим. Аммо умид қилишни тўхтатмадик. Аллоҳга беҳисоб шукр, якунда биз ғолиб чиқдик.
Фикрлар