“Андижон” футболчиси хориждан пул кутяпти

Жорий мавсумни “Андижон” клуби сафида бошлаган сербиялик марказий ҳимоячи Неманья Чаласан янги чемпионатга мослашуви ва Қозоғистондаги собиқ клуби “Елимай” билан муносабатлари ҳақида гапирди.

- Айта оламанки, мен Ўзбекистонга аллақачон мослашиб олдим, лекин лига ҳақида ҳозирча гапиришга эрта, чунки фақат учинчи тур ўтди.

“Елимай”га келсак, бу яхши ва тартибли клуб, улар ривожланишда давом этмоқда.

Қарзлар масаласи бўйича айтсам, улар менга тегишли бўлган барча маош ва мукофот пулларини тўлаб беришди.

Фақат бир нарса — ўтган мавсумда еврокубокларга чиққанимиз учун белгиланган бонусни ҳали тўлашмади. Лекин мен улар буни ҳам албатта тўлайди, деб ишонаман, - деди Чаласан.

2025 йилги мавсумда Неманья Чаласан “Елимай” сафида барча мусобақаларда 28 та ўйин ўтказиб, 4 та голли узатма берган.

Ўтган мавсум якунларига кўра, Семей шаҳри жамоаси Қозоғистон Премьер-лигасида тўртинчи ўринни эгаллади ва шу орқали бу йил ёзда УЕФА Конференциялар лигаси саралаш босқичида иштирок этади.

2026 йилнинг  январида “Андижон” клуби билан бир йиллик шартнома имзолаган 29 ёшли Неманья Чаласан Суперлигада учта учрашувда қатнашиб, гол уришга ҳам эришди.

Тажрибали ҳимоячи фаолияти давомида “Андижон”га келгунга қадар Сербия, Португалия ва Қозоғистон чемпионатларида тўп тепган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!