"Андижон" ҳақида мухлислар орасида шундай гаплар юрибди, эмишки...
Мавсумни катта мақсад ва режалар билан бошлаган “Андижон” ўз аравасини тортишга қийналяпти. Шу кунга қадар ўйнаган 11 та учрашувнинг биттасида ғалаба ва биттасида дуранг қайд этиб, қолган 9 тасида ютқазди! Бу нимадан дарак? Албатта, жамоани кучи етмаётганидан.
Ўтган йилги каби бу йил ҳам клуб про-лигага тушиб кетиш учун асосий номзодлардан бири бўлиб турибди. Бу фақат ҳозиргача бўлган фаразлар. Лекин вазият шу тахлит давом этар экан, унда Суперлигадан умидни узиб қўяверинг.
Дарвоқе, танганинг орқа томони ҳам бор. Клуб хўжайини “Андижон” номини, мавқеини ва нуфузини кўтариш учун катта иш қилаётганига кўз юмиб бўлмайди. Катта-катта муаммолар, қарздорликлар бартараф этиляпти. Ачинарлиси, яна қилиниши керак бўлган муаммолар бор, ҳали тугагани йўқ. Йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммоларни бирданига ҳал қилиб ҳам бўлмасди. Айниқса, тўпланиб қолган қарздорликлар ҳал этиляпти. Бироқ қанийди шу билан жамоани натижалари яхшиланиб қолса?! Аксига олиб футболчилар ҳам сира ғалаба қозона олмаяптилар.
Қизиғи шундаки, илгари “Андижон”да пул йўқлигида охирги ўринларда юрарди, ҳозир эса пул бор, аммо барибир жамоа яна қуйи поғоналарда! Демак, пулдан ташқари ҳам ҳал қилиниши керак бўлган ишлар бор. Аслида-ку, бундай шароитга яраша жамоа бемалол 6-7-ўринларга муносиб эди, дейиш мумкин. Лекин пулнинг ўзи билангина ишни ҳал қилиб бўлмаслигини кўриб турибсиз. Футбол шундай ўйинки, унинг ичида ва ташқарисида ҳаттоки майда деталларигача эътибор берилади. Масалан, футболда футбол одамлари, унинг мутахассислари ишлаши керак, тўғрими? Клуб хўжайини олдинги интервьюларида футболни яхши кўришини, аммо унинг ичига энди кириб, тушунчага эга бўлаётгани ҳақида айтганди. Демак, у ёнига футболнинг ҳақиқий мутахассисларини йиғиши лозим, шундай эмасми? Футболга қизиқиш бошқа, уни чуқур тушуниш бошқа.
Ҳа, айтганча, бизга етиб келган маълумотларга қараганда, яқинда “Андижон” клуби вице-президенти Дониёр Муллажонов ўз лавозимини тарк этган, Ўрнига кимнидир тайинлашган, аммо буниси ҳозирча бизга қоронғу. Қолаверса, негадир раҳбариятдаги бу ўзгариш ҳақида клуб матбуот хизмати ҳам хабар бергани йўқ.
Хуллас, “Андижон”нинг охирги ўринга тушиб қолгани жонкуяр мухлисларини хафа қиляпти. Раҳбарият вазиятни ўнглаш учун бош мураббийни ҳам алмаштирди. 5-турдан кейин Отабек Ғуломхўжаев истеъфога чиқди. Ўрнини вақтинча Ёрқин Назаров эгаллади. Таассуфки, унинг бошчилигида “Андижон” фақат ютқазяпти! Лекин охирги пайтларда жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётгани кўриниб турибди. Аммо бу ғалабалар учун ҳали етарли эмас. Чунки таркиб керакли даражада кучли дея олмаймиз. Трансфер ойнаси очилган пайтда таркиб кучайтирилишга муҳтож. Бу масалада турли гап-сўзлар юрибди, мухлислар орасида ва бизнинг қулоғимизга ҳам чалиняпти. Эшитишимизга қараганда, клубга 10 тача янги ўйинчи келиши кутиляпти. Уларнинг орасида албатта хорижлик футболчилар бор ва ўзимизнинг футболчилар ҳам.
Айтишларича, Россиянинг “Нефтехимик” клубида тўп сураётган Вагиз Галиулинга таклиф билан чиқишган. Билсангиз, у катта футболга “Андижон” орқали кириб келган, ўзи эса асакалик. Доим “Андижон”нинг ўйинларини кузатиб келади, бефарқлигини кўрмаганмиз. Агар ростдан у клубга қўшилса, яхши харид бўлади. Шунингдек, “Навбаҳор”да ўйнаётган андижонлик Баҳром Абдураҳимов ва Фарҳод Мираҳматовни ҳам “Андижон”га қайтариш ишлари бошлангани ҳақида ҳам эшитиб турибмиз. Галиулин каби Абдураҳимов ҳам “Андижон” клуби тарбияланувчисидир. Бир сўз билан айтганда, дарвозабондан ҳужум чизиғигача барча позициялар кучайтирилиши шубҳасиз.
Яна бир асосий мавзу – бу бош мураббий масаласи билан боғлиқ. Ёрқин Назаров вақтинча бош мураббий вазифасига тайинланганида унинг кейинги тақдири натижаларга қараб белгиланиши айтилган. Аммо кўриб турганингиздек, гарчи жамоанинг ўйини яхшиланаётганига қарамай, “Андижон” унинг бошчилигида кетма-кет олтита ўйинда ютқазди. Лекин олдиндан маълумки, клуб хўжайини бош мураббий лавозимига бир қанча мутахассислар номзодини кўриб чиққан. Sports.uz сайтига берган интервьюсида ҳатто россиялик Юрий Сёмин ва яна бошқа хорижлик мутахассислар билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида гапирганди. Бироқ орадан шунча вақт ўтди ва ҳали бу борада бирор янгилик бўлмади, демак режалар ўзгарганга ўхшайди.
Мухлислар орасида энди шундай гап юрибди: клубга Ориф Маматказин қайтармиш?! У бош мураббий бўладими ёки бошқа лавозимгами, ҳозирча билмаймиз. Бу мутахассис анча йиллардан бери клуб тизимида турли лавозимларда ишлаган. Ўтган йилнинг охирларида эса жамоани тарк этганди. У ҳақида шуни айтишимиз мумкинки, бутун фаолиятини асосан Андижон футболига бағишлаган. Тез орада бош мураббий масаласига ойдинлик киритилади. Олдинда эса “Андижон”ни водий дербиси доирасида “Навбаҳор”га қарши ўйин кутяпти. Айни чоғда жамоа бор эътиборини ушбу бўлажак ўйинга қаратган. Эшитишимизча, жамоа аъзолари Наманганда бўладиган ўйинда жонини бериб ўйнашмоқчи. Раҳбарият эса ҳар доимгидек клубни моддий тарафдан қўллаб-қувватлашга тайёр.
Юқорида эшитганларимиз қанчалик ҳақиқатга айланишини вақт кўрсатади. Аммо трансфер ойнаси очилгач, “Андижон” бу борада фаоллик кўрсатиши кутиляпти.
Фикрлар