"Андижон" клуби ЎзПФЛга янги формат бўйича таклиф билдирди
Хабарингиз бор, яқинда ЎзПФЛ янги мавсум учун ўзгартирилаётган формат видеоролигини омма эътиборига намойиш этди. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ Суперлига форматига ўзгартириш киритиш юзасидан ўз таклифини жамоатчиликʼмуҳокамасига қўйди.
Шу мақсадда, 29 ноябрь куни Ўзбекистон профессионал футбол лигаси барча клубларга янги формат учун фикрларини билдириш юзасидан хат юборган. Зеро, Суперлига иштирокчиларининг бу борадаги позициялари муҳим аҳамият касб этади.
“Андижон” клуби эса ЎзПФЛнинг мазкур хатига жавобан ўзининг таклифини қуйидагича билдирди:
“Андижон” футбол клуби Ўзбекистон профессионал футбол лигаси яқинда эълон қилган Ўзбекистон Суперлигасини ўтказиш учун ишлаб чиқилган янги форматга розилигини билдиради.
Бироқ янги форматнинг сўнгги – плей-офф босқичига "Андижон" ФКнинг таклифи бор.
Плей-оффнинг дастлабки икки ўйинидан бирида Суперлиганинг икки клуби ўзаро куч синашадилар. Тақдим этилган лойиҳада ушбу ўйиннинг мезбони Суперлигада 10-ўринни эгаллаган жамоа бўлади, дейилди. Аммо, "Андижон" клуби раҳбариятининг фикрича, буни кўриб чиқиш керак. Агарда шу 10-ўринни эгаллаган жамоа 2-босқичдаги 5 учрашувдан кўпини ўз майдонида ўтказган бўлса (фақат шу ҳолдагина!) ва шунга қарамай, плей-оффдан халос этувчи 7, 8 ва 9-ўринлардан бирини банд эта олмагани учун, мазкур жамоа дастлабки плей-офф баҳсини меҳмонда ўтказгани адолатлироқ бўларди. Бу шундай ҳолдагина бўлиши керакки, агар 10-ўринни эгаллаган жамоанинг плей-оффдаги рақиби 2-босқичда 5 баҳсдан кўпини меҳмонда ўтказган бўлса.
Агар 10-ўринни эгаллаган жамоада ва унинг дастлабки плей-оффдаги рақибида ҳам 2-босқичдаги уй/меҳмон учрашувлари сони бир хил бўлса, у ҳолда плей-офф беллашуви мезбонини кўр-кўрона қуръа аниқлаб берсин. Ёки ушбу ўйин нейтрал майдонда ташкил этилсин”.
“Андижон” футбол клуби ЎзПФЛнинг футболимиз ривожи учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, - дейилади “Андижон” матбуот хизматининг хабарида.
Фикрлар