"Андижон" легионери: "Биринчи даврани жуда яхши нотада тамомладик"

“Андижон” жамоасининг “Пахтакор”га қарши учрашувини 22-дақиқасида грузиялик легионер Нодари Кавтарадзе кутилмаганда жароҳат олиб, майдонни мажбурий равишда тарк этди. Ҳолбуки, у учрашувни жуда яхши бошлаганди. 88-рақам остида тўп сураётган Кавтарадзе “Андижон” матбуот хизматига ўйин ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Биринчи навбатда омадли сериямиз давом этаётганини айтиб ўтмоғим керак. Ўйлайманки, сафарда “Пахтакор” билан дуранг ўйнаш бу яхши натижа. Барча йигитлар максимум даражада куч сарфладилар. Натижа ҳаққоний. Биз биринчи даврани жуда яхши нотада тамомладик ва мен “Андижон” клубига ким дахлдор бўлса, ҳаммасини бу билан табриклаб қоламан.

Шунингдек, мухлисларимизга алоҳида миннатдорлик билдиришни истаган бўлардим. Шахсан ўзимга келсак, биринчи даврани яхши нотада, айниқса, “Пахтакор”га қарши беллашувда зўр ўйин кўрсатган ҳолда тамомлашни ният қилгандим. Учрашувдан олдин бутун мураббийлар штаби вакиллари ва йигитлар “Пахтакор”га қарши учрашувда яхши натижага эриша олишимизга ишонгандик. Амалда ҳам шундай бўлди. Бахтга қарши йўналишни ўзгартираётган пайтимда тиззам жароҳатланди ва ўзимни ёмон ҳис қилганим боис учрашувни давом эттира олмадим”, - дейди Нодари.

Биринчи давра тугагач, уйига қайтган Кавтарадзе энди жароҳатини даволайди ва биз унга тезроқ соғайиб сафга қайтишини тилаб қоламиз, - дейилади “Андижон”  матбуот хизмати хабарида.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!