"Андижон" легионери Рубин Хебайнинг хет-трик қайд этгани Албания матбуотида бонг урилмоқда
Хабарингиз бор, Ўзбекистон чемпионатида жорий чемпионатда илк албаниялик легионер сифатида фаолиятини бошлаган ҳужумчи Рубин Хебай “Андижон” жамоасидаги голлари ҳисобини очишга муваффақ бўлди.
Суперлиганинг 7-турида “Бургутлар” Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида Бекободнинг “Металлург” клубини қабул қилиб, жавобсиз 5 та гол урган ҳолда йирик ҳисобдаги ғалабани тантана қилди. Ушбу беллашув албаниялик легионерга аталди, десак асло муболаға бўлмайди. Хебай янги клубидаги дебют голини уришдан ташқари, ўзининг хет-тригини ҳам амалга оширишга муваффақ бўлди. Айниқса, унинг 9-дақиқадаёқ дубль қайд этгани ва ўйинни жамоаси каби ўта шиддатли бошлагани барчанинг эътиборини тортди.
Айниқса, Рубин Хебайнинг “Андижон” сафида хет-трикка эришгани Албания матбуотида ҳам акс-садо келтириб чиқарди. Жумладан, қатор албан нашрлари Рубиннинг “Бургутлар” сафида учта гол ургани ва бунинг эвазига “Андижон”нинг 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганини ёзиб чиқдилар. Улардан бири, “VeriuSport” қуйидаги мазмунда хабар ёзди:
“Хебай Ўзбекистонда ҳам ўзининг хет-тригини давом эттиряпти”
“Январь ойида шкодралик Ўзбекистон чемпионатига трансфер қилинган Рубин Хебай ўзининг янги жамоаси - “Андижон”даги катта юришини амалга оширди.
Ҳужумчи “Металлург”га қарши учрашувда 90 дақиқа ичида 3 та гол уришга муваффақ бўлди ва унинг жамоаси ушбу хет-трик туфайли 5:0 ҳисобида рақибидан устун келди.
Хебай учрашувда голлар шоусини очиб берган дастлабки иккита голнинг муаллифига айланди ва жамоасининг тўртинчи голини 83-дақиқада рақиб дарвозасига киритди.
Ушбу ғалаба орқали “Андижон” 9 очко билан турнир жадвалининг 9-поғонасига жойлашди”, - дейилади Хебайга тааллуқли хабарда.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар