Эроннинг жаҳон чемпионатига иштироки бўйича янги баёнот берилди
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино Эрон терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳақида баёнот берди.
- Биз шу воқелик ичида яшаяпмиз ва Эрон жамоаси қандай қийин вазиятда эканини тушунамиз. Бироқ биз улар жаҳон чемпионати ўйинларини энг қулай шароитларда ўтказишлари учун иш олиб бормоқдамиз.
Эрон бўйича вазиятда бизда B, C ва бошқа режалар йўқ. Фақатгина A режа мавжуд — бу уларнинг “ЖЧ-2026”да иштирок этишидир.
Биз мураккаб геосиёсий вазиятда турибмиз. Унга таъсир ўтказа олмаймиз, аммо одамларни тинчлик ва байрам муҳитида бирлаштириш учун шароит яратиш имкониятига эгамиз, - деди Инфантино El Financiero нашрига.
Эслатиб ўтамиз, навбатдаги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.
Қуръа натижаларига кўра, Эрон “G” гуруҳидан жой олган бўлиб, Бельгия, Миср ва Янги Зеландия жамоаларига қарши ўйнайди.
Аввалроқ, Эрон ФИФА билан миллий жамоа ўйинларини АҚШдан ташқарида — Мексикада ўтказиш имкониятини муҳокама қилаётгани хабар қилинган эди.
Фикрлар