"Андижон" посбони: "Мавсумнинг иккинчи қисмига ҳар томонлама кучаямиз"
“Андижон” клубининг Тошкентдаги тайёргарлик жараёни режа асосида давом эттирилмоқда. Футболчилар мураббийларнинг кўрсатмаларини тўлиқ бажаришяпти. Жамоамизнинг ишончли дарвозабонларидан бири Элдор Адҳамов тайёргарлик ва ўртоқлик учрашувлари борасида ўз фикрларини билдирди.
- Аввало, “Металлург” жамоасига қарши ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, бунақа учрашувлар натижа учун ўйналмайди, - дея гап бошлади, Адҳамов. - Жисмоний оғир юкламалардан сўнг аста-секин майдонда шуғулланишни бошладик. Бу Тошкентда йиғин бошлаганимиздан кейинги биринчи ўртоқлик учрашуви бўлди. Бундай баҳсда камчиликлар кўзга ташланиши табиий ҳол эди. Боз устига аралаш таркиб ўйнади. Ҳамма футболчилар бир таймдан ўйнади. Мана шунақа учрашувлар орқали олдинги спорт формамизни тиклаб борамиз. Асосийси, бу каби беллашувлар хатоларни кўриб олиш мақсадида ўтказилади. Натижадан мутлақо фожеа ясаш керак эмас.
- Жамоанинг ёзги йиғини кўнгилдагидек ўтяптими?
- Биринчи йиғинимизни тоғда ўтказиб, жисмоний тайёргарлик устида ишладик. Тошкентда техник-тактик ва тўп билан муомала қилиш бўйича ўз устимизда меҳнат қиляпмиз. Барчаси режа бўйича кетяпти. Мана шундай учрашувлар ва машғулотлар орқали спорт формамизни аста-секин тиклаб борамиз. Расмий баҳсгача тайёр бўламиз.
- Суперлига билан про лига клублари ўзаро беллашганда фарқ қанчалик, деб ўйлайсиз?
- Қолган жамоаларда қанақа билмадиму, лекин айнан бизнинг клуб билан солиштирганда фарқ катта эмас. “Металлург” билан баҳснинг биринчи бўлимида кўриндики, керак пайтда устунлик ҳам қилдик. Иккинчи бўлимда ўзимизни хатоларимиз эвазига голлар ўтказдик ва йигитлар жисмоний юкламалар билан ўйнаётгани эвазига бироз толиқиб қолишди. Таркибимиздаги аксарият футболчилар яхши савияда. Деярли фарқ билинмаяпти.
- Хизматингизга бошқа клублардан ҳам қизиқишлар бўлдими?
- Бир-иккита жамоалар қизиқиш билдиришди. Аммо мен “Андижон”да қолиб жамоани Суперлигага қайтариш йўлида ёрдам беришни хоҳлайман.
- Августдан мавсумнинг қолган қисми давом эттирилади. Бутун эътибор шунга қаратилган. Нима кутяпсиз?
- Жамоамизга янги футболчилар келишни бошлади. Мана, Суҳроб Бердиев қўшилди. Яна бир-иккита ижрочилар қўшилса ажаб эмас. Биз спорт формамизни тиклаб боряпмиз. Худо хоҳласа, мавсумнинг иккинчи қисмига ҳар томонлама кучаямиз. Оптимал формага қайтишимизга 100 фоиз ишонаман. Бизда барчаси ўз вақтида бошланди. Юқорида айтдим, тайёргарликнинг биринчи босқичида жисмоний юкламалар олдик, иккинчи йиғинда техник тарафлама ишлаяпмиз. Мухлисларимиз хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Ўртоқлик ўйини билан расмий ўйин бошқа-бошқа. Биз янада кучаямиз ва ҳаммаси яхши бўлади.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар