"Андижон" раҳбарияти мухлислар билан учрашди. Унда қандай масалалар кўтарилди?

Олдин хабар бериб ўтганимиздек, “Андижон” раҳбарияти билан мухлислар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Андижон вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Бекзод Каримов, “Андижон” футбол клуби бош директори Улуғбек Мирзаев ва жамоанинг персонал ходимлари иштирок этдилар.

Маълумки, Ўзбекистон бўйича энг ашаддий ва жонкуяр ишқибозлар айнан “Андижон” фанатлари ҳисобланади. Айниқса, ўйин давомида жамоани қўллаб-қувватлашда уларнинг ижодкорлиги, мухлислик даражаси жуда баланд. Шунинг учун улар нафақат ўйинда, балки ўйиндан ташқари ҳолатда ҳам жамоани қўллаб-қувватлаб, ҳамма вақт “Андижон” учун қайғуриб келишади.

Клуб раҳбарияти билан мухлислар ўртасида учрашув ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. “Бобур Арена”даги мулоқот очиқ ва шаффофлик руҳи асосида ўтказилди ва унда ишқибозлар ўзларининг қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни олдилар. Шунингдек, мазкур учрашув самимий ва дўстона алоқаларга асосланган ҳолда бўлиб ўтди. Ўтган вақт давомида жонкуяр ишқибозларни қизиқтираётган ва жавоб излаётган саволлари йиғилиб қолганлиги учун ҳам мазкур учрашув уюштирилди.

Масалан, бу йил таклиф қилинган албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай ўз голлари ва ўйинлари билан қандай даражадаги футболчи эканлигини кўрсатяпти ва мухлисларнинг меҳрини қозонишга улгурди. Тўпурарлар орасида бораётгани сабабли охирги пайтларда Хебайга Суперлиганинг бошқа клублари қизиқиш билан қараётгани тўғрисида гап-сўзлар тарқалди. Ишқибозлар эса бу борада анча хавотирга тушиб қолишгани сабабли клуб бош директоридан албаниялик легионер масаласида савол билан мурожаат қилдилар. Улуғбек Мирзаев Хебайни “Андижон” билан амалда 2 йиллик шартномаси борлигини ва бошқа клубга кетиш ҳақида гап-сўз йўқлигини айтди. Қолаверса, Хебайга вақти келиб хориж клубларидан яхши таклиф бўладиган бўлса, ана шунда “Андижон” клуби манфаатидан келиб чиқиб, четга трансфер қилинган ҳолда ундан даромад топиш учунгина хорижга сотилиши мумкинлиги ҳам қўшимча қилиб ўтилди. Айни пайтда албаниялик легионернинг ўзи ҳам “Андижон”га мослашиб олганини ва бу ердаги фаолиятидан мамнунлигини яширмаяпти. Шундай экан, Хебай масаласида ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ.

Бундан ташқари, молиявий масалалар бўйича ҳам саволлар бўлди. Ҳозирда аксарият клубларда бу каби қийинчиликлар йўқ эмас. “Андижон”да ҳам бу борада ўзига яраша муаммолар бор. Лекин бу вақтинчалик ҳолат. Негаки, яқинда клубга “Ўзавтосаноат” АЖ бош ҳомий сифатида бириктирилган ва тез орада расман молиялаштириш бошланади. Бу хусусида клуб бош директори мухлисларга маълум қилди. Мавжуд қарздорлик эса шубҳасиз бартараф этилади.

Умуман олганда, учрашувда жуда кўплаб мухлислар қатнашишди ҳамда барчага муҳим бўлган, долзарб масалаларга ойдинлик киритилди.

“Андижон” клуби ҳар доим мухлислар учун, уларни ўз ғалабалари билан хурсанд қилиш мақсадида ўйнайди. Шунинг учун ҳам клуб ва мухлислар ўртасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик ришталари ўрнатилган. Келгусида яна шундай учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.

“Андижон” матбуот хизмати.     

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
26/05/2023 04:54
Андижон ва Рубен Х эбай яшасин. Олга Андижон галабалар сари