"Андижон" "Реал"нинг камбэкларини жиддий ўзлаштиряпти ёхуд "Бобур Арена"даги ўйинда санъат асари!

7 май, шанба оқшоми футбол учрашувларига бой ўтди. Европада ҳам, ўзимизда ҳам. Ҳамма ўз қизиқишига қараб ўйинларни томоша қилади. Бизнингча, аксарияти аввал чемпионатимиздаги баҳсларни мириқиб кузатиб, сўнг Европа чемпионатларига навбат келса керак.

Майли, мавзудан узоқлашмайликда, гапнинг индаллосига ўта қолайлик. Ўзимизда Суперлига билан про лига ўйинлари бу сафар бир вақтга тўғри келиб қолди. Иккала лигада ҳам марказий ўйинлар эди. Масалан, АГМК – “Сўғдиёна” билан “Насаф” – “Пахтакор” учрашувлари учун алоҳида таъриф ишлатиш шарт эмас. Лекин бу гал яна бир лигамиз – про лигадаги жиддий курашга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Бу энди кечаги про лига эмас. Айниқса, бу ердаги ўйинлар “Futbol TV” телеканали орқали трансляция қилиниши бошлангач, мусобақанинг савиясига ҳам ижобий таъсир қилмоқда ва унинг нуфузи ошишига хизмат қиляпти. Энди про лигада ўткинчи ўйинлар йўқ. У ерда ҳар бир ўйин шунчаки катта даражада, худди Суперлигадагидек.

Биз эса Андижондаги марказий ўйинда бўлдик. Ҳали мағлубиятга учрамасдан келаётган Муборакнинг “Машъал” клуби сафарда мусобақанинг яна бир етакчисига қарши майдонга тушди. Бу ўйин ҳақида нимадир эслашга арзигулик сабаблар кутгандик ва амалда ҳам шундай бўлди.

андижон 2_1

“Бобур Арена” стадиони ўйин давомида мухлислар ёрдамида “куйлади”. Айниқса, фан-клуб томонидан янгидан-янги улкан баннерларнинг намойиш этилиши ҳам кишида ўзгача завқ бағишлайди. Ўз навбатида бу футболчиларга реакция бериши турган гап. Кутилганидек, “Андижон” – “Машъал” қарама-қаршилиги катта ўйинга айланиб кетди. Андижонга ҳали мағлубият нималигини билмаган ҳолда келган “Машъал” ҳам бу гал ўта мураккаб учрашув кутиб турганини яхши биларди. Чунки рақиб Суперлигага чиқиш учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Ўйин ҳарорати ҳам шунга яраша бўлди.

Қизиғи, ўтган турдаги сценарий такрорланди. Сафарда “Турон”га қарши бўлиб ўтган учрашувда андижонликлар майдонда бир футболчи кам бўлиб қолишган бўлса-да, ҳисоб 1:1 бўлиб турган маҳалда ҳакам томонидан қўшиб берилган охирги дақиқада ғалаба тўпи уриб, ютиб кетганди. “Машъал” билан баҳсда ҳам шу ҳолат такрорланганига нима дейсиз?!

Ўйин шундай кечдики, биринчи бўлимда меҳмонларнинг украиналик легионери Агапов боши билан гол уриб ҳисобни очди. Аммо майдон эгалари таслим бўлмади. Уларни бутун стадион ҳам қўллаб турди. Айниқса, иккинчи бўлимда “Бургутлар”нинг ҳужумлари янада шиддатли тус ола бошлади. Улар кетма-кет ҳужумлар уюштиришди. Бундай ҳужумлар эса албатта ўз самарасини бермасдан қолмади.  

андижон 1

Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар ҳужумкор шиддатини оширди. Кетма-кет хавфли вазиятлар содир этилди. Натижада учрашув ўрталарида тажрибали ҳужумчи Шаҳбоз Эркинов қанотдан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб ҳисобни тенглаштирди ва мухлисларни янада жонлантирди.

Ўйинда гувоҳ бўлганларимиз шундан иборат бўлдики, майдон эгалари яна ҳакам томонидан қўшиб берилган охирги дақиқаларда ғалабани илиб кетди. Босим, ҳаяжон, хавотир устун бўлиб турган бир вазиятда Виктор Кумиков жамоаси совуққонлик билан ҳужумлар уюштирди ва оқибатда стандарт вазиятдан қандай фойдаланишни яна бир карра кўрсатишди. Бу сафар Владимир Бубанья катта саҳнага чиқди. Унга пасни Шаҳбоз Эркинов боши билан етказиб берди. Демак, Эркинов гол уришдан ташқари яна бир голга ҳам ассист бўлди.

Айтмоқчи бўлганимиз, андижонликлар “Турон”да ҳам қўшимча дақиқада ғалабани илиб кетганди. “Машъал”га қарши яна бир марказий учрашувда ҳам сўнгги дақиқаларда ғалабани ўз томонига оғдиришни уддалади. Демак, “Андижон” клуби энди нафақат стандартларда, балки охирги дақиқаларда ҳам хавфли жамоага айланиб боряпти. Натижада “Машъал” чемпионатдаги илк мағлубиятини Андижонда қабул қилиб олди. “Андижон” клуби иккита ўйиндан бери ирода кўрсатиб, қайсидир маънода кичик камбэкларни амалга оширяпти. Шу ўринда “Реал”нинг Чемпионлар лигасида амалга ошираётган дахшатли камбэклари хаёлимизга келди. “Андижон” ҳам “Реал” каби охирги дақиқаларда ғалаба голини уриб, ютиб кетиш хадисини яхши ўрганяпти. Очиғи, “Андижон” футболчилари “Реал”нинг қандай қилиб охирги дақиқаларда ғалабани илиб кетаётганини яхши ўзлаштиришганга ўхшайди. Европада “Қироллик клуби” камбэкларни амалга ошираётган бўлса, ўзимизда бу ишни энди “Андижон” қойилмақом тарзда бажаряпти.  

андижон 3

Дарвоқе, таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов ҳам “Андижон” – “Машъал” ўйинини бевосита стадиондан шарҳлар экан, охирги дақиқада урилган голдан кейин бош мураббий Виктор Кумиковни Карло Анчелоттига қиёслади. Ўша вазиятни Ҳамидов шарҳида шундай ифодалади: “Олааа, Кумиков, бу ҳақиқий санъат асари. Ичкаридан тортиб юлқиб олиш! Кумиков худди Анчелотти каби вазиятни оддий баҳолаяпти!”.

Ўйиндан кейинги муҳит эса алоҳида мавзу. Мухлислар ва жамоа ўртасида шундай кўприк борки, бу жуда мустаҳкам бўлиб, кишининг ҳавасини келтиради. Футболчилар ўзининг суюкли ишқибозлари қаршисида қўшиқ куйлаб ғалабани биргаликда тантана қилишлари, бундан стадиондаги мухлисларнинг катта энергия олишлари, умуман барчаси фантастик даражада. Бу Европадаги ҳолат эмас, ўзимизда ҳам қандай мухлислик қилишни ҳамда ғалабани қандай нишонлашни қойиллатишади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Мехриддин Абдурахмонов
08/05/2022 16:19
Андижон галабаси Билан табриклайман