Ҳусанов Роналду билан нега ва нимани тортишганини айтди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Манчестер Сити" ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасидаги ўйин пайтида Португалия миллий терма жамоаси сардори Криштиану Роналду билан баҳслашгани маълум бўлди.
Бу ҳақда спорт журналисти Даврон Файзиевга таяниб оммавий ахборот воситалари хабар тарқатмоқда.
Ўзбек журналисти ўзининг Instagram саҳифасида Хьюстондаги учрашувдан лавҳалар жойлаштириб, икки футболчи ўртасида майдонда кечган суҳбат тафсилотларини очиқлади. Ушбу эпизод аввалроқ дунё оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган, аммо футболчиларнинг аниқ нималар ҳақида гапиргани номаълум қолган эди.
- Ўйин давомида жуда кўп гаплашдик. Асосан майдондаги вазиятлар ҳақида фикр алмашдик. Айнан ўша видеода бир-биримизга нималар деганимизни аниқ эслай олмайман. Масалан, бекор қилинган голимиздан кейин бироз тортишиб қолдик.
Роналду ўша эпизодда қоида бузилганини айтди, мен эса Аббос қўпол ўйнайдиган футболчи эмаслигини таъкидладим. Ҳар сафар суҳбатимиз илиқ, дўстона руҳда ўтди, — дея Хусановнинг сўзларини келтиради журналист.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган мундиал гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувида Португалия терма жамоаси дебютант Ўзбекистонни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Бунгача терма жамоада йирик турнирларда ўнта ўйин давомида тўп кирита олмаган Криштиану Роналду Ўзбекистонга иккита гол уриб, қуруқ сериясига якун ясади. Қолган голлар Нуну Мендеш ва Рафаэл Леауга ёзилди, яна бир тўп дарвозабон Абдувоҳид Неъматовдан ўз дарвозасига тушди ва автогол қайд этилди.
Учрашувнинг энг кўп муҳокама қилинган лаҳзаси 29-дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев томонидан урилган, аммо кейин бекор қилинган супергол бўлди. У узоқ масофадан аниқ ва жуда чиройли зарба йўллаб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирган эди. Бироқ VAR аралашуви ва видеотакрорни шахсан кўздан кечирганидан сўнг марокашлик ҳакам Жалол Жайед ҳужум бошланишида Аббосбек Файзуллаев томонидан Португалия ҳимоячиси Жоау Канселуга нисбатан қоида бузилганини қайд этди ва голни бекор қилди.
Ҳар икки терма жамоанинг энг машҳур ўйинчилари - Роналду ва Ҳусанов ўйин давомида бир неча бор майдоннинг ўзида суҳбатлашиб олди. Энг кўп тарқалган эпизодлардан бири 60-дақиқада, Ўзбекистон дарвозасига автогол киритилган пайт қайд этилди. Шу пайтда Португалия сардори Роналду "Манчестер Сити"нинг ёш ҳимоячиси Ҳусановга яқинлашиб, уни илиқ қучоқлаб, елкасидан дўстона тарзда силкитди ва руҳан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилди.

Фикрлар