Ўзбекистон – Конго Демократик Республикаси: Ҳал қилувчи ўйинга башорат
28 июнь куни Тошкент вақти билан соат 04:30 да Атланта шаҳрида жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи учинчи туридан ўрин олган учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Конго Демократик Республикаси футболчиларига қарши майдонга тушади. Бу беллашувда гуруҳ жадвалидаги учинчи ўрин учун асосий даъвогарлар ўзаро тўқнаш келади.
Конго терма жамоаси биринчи турда кутилмаганда юлдузларга бой Португалиядан очко олиб, сенсация қайд этган эди. Кейинги ўйинда эса конголиклар Колумбияга қарши муносиб қаршилик кўрсатишди, аммо учрашув охирида гол ўтказиб юборишди. Ҳозирча бир очко жамғарган африкаликлар гуруҳда учинчи поғонада бормоқда.
Тарихда илк бор плей-офф босқичига чиқиш учун улар албатта Ўзбекистонни мағлуб этиш керак. Агар бундай бўлмаса, Себастьян Десабр бошқараётган жамоа 1/16 финални четдан кузатишга мажбур бўлади.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига гуруҳда омад кулиб боқмади, деб айтиш мумкин — Португалия ва Колумбия каби кучли рақиблар фонида иш анча қийин кечди. Бироқ шуни ҳам тан олиш лозимки, фаворитларга қарши ўйинларда Фабио Каннаваро шогирдлари ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш эта олмади. Колумбияга қарши учрашувда иккинчи бўлимда ижобий паллалар кузатилган бўлса, Португалияга қарши беллашувда муаммолар деярли биринчи дақиқаларданоқ бошланди. Эҳтимол, италиялик мутахассис биринчи турдан сўнг қилганидек, яна таркибда жиддий ротацияга қўл урар.
Статистик маълумотлар
– жамоалар илгари бирор марта ўзаро тўқнаш келмаган;
– Конго терма жамоаси биринчи турда Португалия билан дуранг ўйнади (1:1), иккинчи турда эса Колумбияга мағлуб бўлди (0:1);
– Ўзбекистон жамоаси ушбу мусобақада Колумбияга (1:3) ва Португалияга (0:5) ютқазди;
– Конго футболчилари сўнгги тўрт учрашувда икки марта дуранг ўйнаб, икки марта мағлуб бўлган;
– Конго терма жамоасининг сўнгги етти ўйинидан олтитасида кам голли натижа қайд этилган;
– Ўзбекистонлик кетма-кет тўрт ўйинда мағлубиятга учради;
– Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги тўрт учрашувнинг ҳар бирида камида иккитадан гол ўтказиб юборган;
– ФИФА рейтингида Конго Демократик Республикаси (46-ўрин) Ўзбекистондан (50-ўрин) юқорироқ поғонада жойлашган.
Экспертлар тахмини
Амалда Конго терма жамоаси фаворит сифатида кўрилаяпти. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, ушбу Африка жамоаси тўп назоратини қўлга олиб, ташаббус билан ўйнаши керак бўлган ўйинларда кўпинча қийналади. Шу боис бу учрашувда томошабинлар кўп голли ўйинни эмас, эҳтиёткор курашни кўриш эҳтимоли юқори.

Фикрлар