"Андижон" Суперлига йўлланмасини қўлга киритди!
Ўтган йили Суперлигани тарк этиб, про лигага равон бўлган "Андижон" клуби мавсум бошида ўз олдига яна Суперлигага қайтиш вазифасини қўйганди. Про лиганинг 23-туридан сўнг "Бургутлар" вазифани бажаришгани маълум бўлди. Бу хусусида "Андижон" клуби матбуот хизмати шундай хабар қилади:
"Азиз андижонликлар, ҳурматли футбол шинавандалари ва жамоамизнинг ашаддий мухлислари! Барчангизни “Андижон” футбол клубини Суперлига йўлланмасини қўлга киритгани билан муборакбод этамиз!
Бизнинг севимли жамоамиз про лиганинг 23-турида “Бобур Арена”да “Турон” клубини қабул қилди ва 1:1 ҳисобида дуранг натижани қайд этди. Ёмғирли об-ҳавода ўтган беллашувда дастлаб меҳмонлар ҳисобни очди. Аммо орадан кўп ўтмасдан жамоамиз сардори Илдар Маматказин мувозанатни тиклади.
Шу тариқа, очколаримиз 51 тага етди ва “Турон” билан ўртадаги 10 очколик фарқ сақланиб қолинди. 2-ўриндаги “Турон” ҳисобида 41 ва 3-поғонада бораётган “Бухоро”да эса 40 очко мавжуд. Олдинда эса жамоаларнинг яна 4 тадан ўйини қолди. Кейинги турда эса 2- ва 3-ўринда бораётган “Бухоро” ҳамда “Турон” клублари ўзаро Бухорода беллашадилар. Табиийки, улардан кимдир очко йўқотиши муқаррар!
Математик ҳисоб-китоблар шуни кўрсатиб турибдики, “Андижон” камида 2-ўринни нақд қилди ва 3-поғонага тушиб кетмайди. Шундай экан, Суперлигага чиқиш вазифаси кутилганидек муддатидан илгари бажарилди. Лекин бизнинг жамоамиз бу билан чекланиб қолмайди ва про лигада 1-ўринни қўлга киритишни мақсад қилган. Ушбу вазифа бажарилишига ҳам оз фурсатлар қолди.
Шу муносабат билан “Андижон” жамоамиз раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар, жамоадаги барча ишчи-ходимлар ва албатта жонкуяр ишқибозларимизни Суперлига йўлланмаси қўлга киритилгани билан қизғин муборакбод этамиз.
Дарвоқе, навбатдаги турда жамоамиз ўз майдонимизда “Машъал”ни қабул қилади".
“Андижон” – “Турон” – 1:1 (0:0)
24 октябрь. Андижон. “Бобур Арена” стадиони. 3207 томошабин.
Ҳакамлар: Ғайрат Жўраев, Расулжон Фозилов, Максим Нехочин.
Назоратчи: Тимур Галеев.
Комиссар: Владимир Назаров.
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Абдувоҳид Ғуломов, Илдар Маматказин, Владимир Бубанья, Абдураҳмон Комилов, Муҳаммадкарим Тоиров, Горон Милойко, Фарҳод Соҳибжонов (Азамат Исроилов, 68), Суҳроб Бердиев (Шерзод Эсонов, 68), Шаҳбоз Эркинов, Богдан Милич.
“Турон”: Низомиддин Зиёвутдинов, Абдулазизхон Абдурашидов (Қаҳрамон Баҳодиров, 90+3), Марлен Чобанов, Сергей Морозов, Хушнуд Авилов, Саидабзалхон Аҳроров, Аъзам Алиев, Сиёвуш Ҳабибуллоев (Сардор Абдунабиев, 79), Сардор Абдураимов, Жасур Ўрунов, Ҳумоюн Муртазоев (Азиз Ибрагимов, 72).
Голлар: Сардор Абдураимов, 63 – 0:1. Илдар Маматказин, 71 – 1:1.
Огоҳлантиришлар: Саидабзалхон Аҳроров, 28. Сиёвуш Ҳабибуллоев, 34. Абдулазизхон Абдурашидов, 56.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар