Ads

Янги мавсумга астойдил тайёргарлик кўраётган «Андижон» бугун навбатдаги ўртоқлик учрашувини ўтказади. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Элдор Сакаев бошқарувидаги «бургутлар» бугун тушликдан «Бунёдкор» ёшлар жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Таркибни тажрибали ўйинчилар ҳисобига кучайтириш ишлари давом этмоқда. Хусусан яқинда андижонликлар лагерига мамлакатимиздаги таниқли футболчилардан бири - Ислом Иномов келиб қўшилди. Ўтган мавсум супер лига вакили «Олмалиқ»да ўйнаган футболчи, ёдингизда бўлса 2009 йилги мавсумда ҳам «Андижон» шарафини ҳимоя қилганди.
Бундан ташқари Иномов футболчилик фаолияти давомида «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор» ҳамда «Насаф» каби жамоаларда харакат қилиб, бир қатор совринларни қўлга киритган.
Шунингдек тажрибали футболчи 2003 йили ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қатнашчиси, турли ёшдаги терма жамоалар сафида халқаро ўйинларда майдонга тушган ва Осиё чемпионлар лигаси иштирокчиси ҳам саналади.
Айни дамда Ислом Иномов «Андижон» машғулотларида иштирок этмоқда.