"Андижон" Туркиянинг гигант клубларидан бири билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда!

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик муносабатлар мутлақо янги босқичга чиқиб, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва спорт каби соҳаларда изчил ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Бу жараён айниқса ҳудудий даражада ҳам фаоллашиб, халқаро алоқалар амалдаги лойиҳалар орқали мустаҳкамланмоқда.

Яқинда Андижон вилояти раҳбарининг Туркияга амалга оширган ташрифи икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди. Ташрифдан сўнг туркиялик ишбилармонлар делегациясининг Андижонга келиши мазкур мулоқотлар натижаси бўлгани таъкидланмоқда. Делегация таркибида нуфузли меҳмонлар қаторида Туркия чемпионатининг гигандларидан бири - "Бешиктош" клуби қурултойи кенгаши аъзсои - Гокҳан Сарибайир ҳам иштирок этди.

Ташриф давомида меҳмонлар вилоят футбол инфратузилмаси билан яқиндан танишиб, клуб базаси, марказий стадион, болалар футболи тизими ҳамда академия фаолиятини кўздан кечирдилар. Мутахассислар Андижонда футболни ривожлантириш учун яратилган шароитлар юқори баҳоланганини таъкидлашмоқда. Энг муҳими — ушбу ташрифнинг асосий мақсади маҳаллий футбол тизимини халқаро тажриба билан бойитишдир.

Музокаралар марказида Туркиянинг машҳур клубларидан бири — "Бешиктош" академияси билан ҳамкорлик йўлга қўйиш масаласи турди. Режага кўра, мураббийлар алмашинуви, ёш футболчилар учун ўқув йиғини, методик тажриба алмашиш каби қатор қўшма дастурлар амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, Андижон жамоаси билан Бешиктош ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил қилиш ташаббуси ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу эса нафақат спорт, балки маданий дипломатия нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Эътиборлиси, Андижон клуби раҳбарияти яқинда Анталия шаҳрида Антальяспор раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказган эди. Бу каби мулоқотлар клубнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва профессионал бошқарув стандартларини жорий этишга хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, агар икки томонлама меморандум имзоланса, бу ҳамкорлик Андижон футболи тарихида янги даврни бошлаб беради. Халқаро стандартлар, илғор тайёргарлик тизимлари ва инвестиция имкониятлари жамоанинг рақобатбардошлигини сезиларли даражада ошириши мумкин.

Хулоса: Туркия билан ҳамкорликнинг амалдаги натижалари аллақачон кўрина бошлади. Эндиги қадам — келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш. Агар режалар тўлиқ рўёбга чиқса, Андижон нафақат мамлакат, балки минтақавий футбол марказларидан бирига айланиши эҳтимоли катта.

Гокҳан Сарибайир вилоят футбол инфратузилмасини кўздан кечиргач, қуйидаги фикрларни билдирди:
“Биз бу ерда ҳам футбол мақсадида Европа стандартларига хос футболчилар етиштириш мақсадидамиз. “Андижон” клуби билан келишувга эришиш режалаштириляпти ва бунинг учун меморандум тайёрланяпти. 
База жуда яхши, стандартлари юқори. Худди шу ҳолатни футбол мактаблари ва академияларга ҳам тарғиб қилинса янада яхши натижаларга эришишингларга ишончим комил.
Андижон вилояти ҳокими Туркияга борганида базамизни кўздан кечиришган ва “Андижон” клубида ҳам шундай ишларни амалга оширишни хоҳлаган. Биз ҳам бу ерга келиб кўряпмизки, чиндан ҳам кўп ишлар қилинган. Бунинг учун ҳурматли вилоят ҳокимини табриклаймиз”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!