"Андижон" ва "Қизилқум"нинг собиқ устозлари, таниқли мутахассис ёхуд кечаги ўйин кимларда қизиқиш уйғотганини биласизми? (фото)

Ҳозирда кўплаб клублар Тошкентда ёзги ўқув-машғулот йиғинини ўтказяпти. Шунинг эвазига ҳар куни турли даражадаги ўртоқлик учрашувлари ҳам ташкил қилинмоқда. Кеча “Тўқимачи” стадионида про лига етакчиларидан бири “Андижон” Суперлигада совринли ўринлар учун курашаётган “Қизилқум”га қарши майдонга тушди.

Никола Лазаревич бошчилигидаги навоийликларнинг бу дастлабки ўртоқлик учрашуви эди. “Андижон” эса ҳисоб бўйича учинчи назорат учрашувида қатнашди. Дастлабки беллашувни 11 июлда АГМКга қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккинчи ўйин 20 июль куни бўлиб ўтди. Унда Бекободда “Металлург”га 1:4 ҳисобида имконият бой берилди. “Андижон” жамоаси иштирокидаги учрашувлар голларга бой тарзда ўтаётганига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Бу сафарги “Қизилқум” билан баҳсда ҳам худди Бекободда бўлганидек дарвозаларга 5 та гол урилди. Айниқса, “Қизилқум”га қарши ўйинда Виктор Кумиков жамоасида ҳужумда самарадорлик фаоллашгани кўзга ташланди.

андикизц

Ўйин жуда қизиқарли ўтганини алоҳида айтиш лозим. Учрашув давомида бош ҳакам томонидан дарвозаларга уч марта пенальти белгиланди. Дастлаб, Владимир Бубанья 11 метрлик нуқтадан гол урди. Орадан кўп ўтмасдан, энди “Андижон” дарвозасига пенальти қўйилди. Бу вазиятда Абдувоҳид Ғуломов рақибини ушлаб қолганди. Аргентиналик Габриел Гонсало нуқтадан адашмади – 1:1. Учрашувдаги қолган голлар иккинчи бўлимда киритилди.

“Андижон” ўзидан тажрибали ҳисобланган рақибига қарши анча мазмунли ва шижоатли ўйин намойиш этди. Иккала мураббий ҳам танаффусдан кейин таркибда қатор ўзгаришларни амалга оширди. Захирадан майдонга тушган тажрибали ҳужумчи Шаҳбоз Эркинов иккинчи бўлим қаҳрамонига айланди. Аввалига жарима майдони ичида юзага келган вазиятдан усталик билан фойдаланиб, Игнатий Нестеров дарвозасини ишғол қилди.

андикиз

Яна ўша Эркинов жамоасининг учинчи, ўзининг эса иккинчи голини рақиб дарвозасига киритди. “Андижон”нинг навбатдаги ҳужуми вақтида жарима майдони ичида тўп футболчининг қўлига тегди. “Қизилқум” дарвозасига белгиланган  пенальтини Эркинов бехато амалга оширди ва Нестеровни ожиз қолдирди. Лекин “Қизилқум” бу голга ҳам тезда жавоб қайтарди. Захирадан ўйинга қўшилган Темурхўжа Абдухолиқовнинг укаси Орифхўжа учрашувдаги охирги гол муаллифи бўлди ва шу тариқа, “Андижон” кучли таркибга эга бўлган “Қизилқум”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Бизни ўйин давомида бир қатор жиҳатлар эътиборимизни ўзига тортди. “Андижон” клуби Тошкентдаги охирги назорат учрашувини 29 июль куни Тожикистон чемпиони “Истиқлол”га қарши ўтказади. Шунинг учун учрашувни кузатиш мақсадида “Истиқлол” клуби вице-президенти Муҳсин Муҳаммадиев стадионга келди. Уни ҳамма яхши билади. Юртимиздаги охирги жамоаси “Бухоро” эди. Эндиликда у собиқ клуби – “Истиқлол”да фаолият олиб боряпти. Унинг ўйинни кузатишини беихтиёр “айғоқчи”га қиёсладик. Юқорида тўхталганимиздек, 29-санада “Истиқлол”нинг айнан “Андижон”га қарши учрашуви бор. Кўриниб турибдики, мутахассис бежизга келмаган ва рақиб ўйини борасида қисман маълумотга эга бўлиш учун ҳам беллашувни ўзи кўришни лозим топган.

мухсин

Бундан ташқари, яна бошқа мутахассисларга ҳам кўзимиз тушди. Ўз вақтида “Қизилқум” клубини бошқарган Рустам Забировни стадионда учратиб қолдик. Ушбу ўйин мутахассисда қизиқиш уйғотгани аниқ. Илгари футболчилик даврида маълум вақт “Андижон” шарафини ҳимоя қилган. Мураббийликка ўтгач “Қизилқум”га устозлик қилганини яхши эслаймиз.

забиров

Шунингдек, стадионда яна бир мутахассисни пайқаб қолдик. Бу “Андижон” жамоасининг собиқ устози Александр Хомяков эди. Муҳаммадиев ҳамда Забировдан фарқли ўлароқ Александр Андреевич беллашувни охиригача кузатиб борди. Дарвоқе, унинг ҳамроҳи “Пахтакор”нинг собиқ футболчиси ва ҳозирда агент сифатида иш олиб бораётган Улуғбек Асанбоев эди.

хомяков2

Қолаверса, АГМК ҳимоячиси Сардор Раҳмонов, шунингдек, Ҳикмат Ҳошимов, Шерзод Шарипов ва яна бошқа футболга алоқадор шахслар ҳам “Андижон” – “Қизилқум” ўртасидаги баҳсни диққат билан кузатишди. Хуллас, ушбу қарама-қаршилик мутахассисларда қизиқиш уйғотди ва учрашувни томоша қилганлар кетган вақтига асло ачинишмади.    

рахмонов

“Андижон” – “Қизилқум” – 3:2 (1:1).

24 июль. Тошкент. “Тўқимачи” стадиони.

Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Олим Абдувосилов, Далер Тиллаев.

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Владимир Бубанья, Илҳом Алижонов, Абдувоҳид Ғуломов, Аҳмад Анваров, Азамат Исроилов, Муҳаммадкарим Тоиров, Аҳрор Иноятов, Суҳроб Бердиев, Маликшоҳ Расулов, Иззат Абдулҳаков.

Захирадан майдонга тушганлар: Абдураҳмон Комилов, Асилбек Айсаров, Хуршид Хўжаев, Илдар Маматказин, Фарҳод Соҳибжонов, Горан Милойко, Богдан Милич, Шаҳбоз Эркинов, Оятилло Обиджонов, Иброҳим Мухторов, Ислом Маматказин.

“Қизилқум”: Жавоҳир Илёсов, Бобур Йўлдошев, Санжар Шоаҳмедов, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Файзулла Қамбаров, Азизбек Усмонов, Гонсало Габриел, Олег Зотеев, Даврон Анваров, Алишер Саноев, Ислом Кенжабоев.

Захирадан майдонга тушганлар: Игнатий Нестеров, Шуҳрат Муҳаммадиев, Абдувоситхон Абдурашидов, Салим Мустафоев, Александар Станиславлевич, Шерали Жўраев, Пол Комолафе, Дилшод Жўраев, Олег Толмасов, Орифхўжа Абдуҳолиқов.

Голлар: Владимир Бубанья (пен) – 1:0. Гонсало Габриел (пен) – 1:1. Шаҳбоз Эркинов, 2:1. Шаҳбоз Эркинов (пен) – 3:1. Орифхўжа Абдухолиқов, 3:2.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abbos Nosirov
26/07/2022 04:58
"Андижон" суперлига сари олга