"Андижон"нинг Анталияда румин клубига қарши илк ўйинидан сўнг мураббийлар қандай фикр билдиришганини биласизми?
Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказаётган “Андижон” клуби ўзининг илк назорат учрашувини олдин хабар берганимиздек, Руминиянинг “Чиксереда” жамоасига қарши ўтказди.
Қизиқарли кечган баҳсда дарвозалар дахлсиз қолди – 0:0. Лекин гол уриш учун иккала клубда имкониятлар бўлди. Айниқса, Суҳроб Бердиевнинг чалқанча ҳамда Бобур Фарҳодовнинг боши билан йўллаган зарбаларини рақиб посбони қийинчилик билан қайтариб қолди.
Шунингдек, руминияликларда ҳам вазиятлар бўлди. Биринчи бўлимда Игор Литовка, иккинчи бўлимда эса Элдор Адҳамов “Андижон”нинг голдан сақлаб қолди. Бош мураббий Александр Хомяков аксарият ўйинчиларни синовдан ўтказди. Тожикистонлик Ахтам Назаров учрашувдан бир кун олдин қўшилгани учун унга дам беришга қарор қилди.
Ўйин якунлангач, иккала жамоа бош мураббийлари ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.
Вернер Бёргер (“Чиксереда” бош мураббийи):
"Бу ўйинни бир қанча қисмларга бўлган бўлардим. Биринчи таймда бизда кўплаб муаммолар бўлди. Иккинчи бўлимда эса муаммоларимиз анча бартараф этилди. Биз яхшироқ ўйин кўрсата бошладик. Бизда ҳали яна 3 ҳафта бор. Менимча, бу муддат жамоамизнинг мавсумга тўлиқ тайёргарлик кўришига етарли бўлади.
Биз кураш олиб боришимиз керак. Ҳар бир позиция учун курашишга мажбурмиз. Ҳар бир ўйинда ўйинимизни кучайтиришимиз керак. Яхшиҳамки олдимизда мавсумга тайёрланиш учун яна 3 ҳафта вақт бор. Умид қиламанки, жамоа сифатида шаклланишга муваффақ бўламиз.
Мураббий сифатида ҳеч қачон қайсидир якка футболчи ҳақида гапиришни ёқтирмайман. Рақиб ўйинини муҳокама қилишни тўғри деб билмайман. Лекин жамоа сифатида яхши ўйин кўрсатяпмиз, дейишим мумкин. Барибир ҳалигача кўплаб элементларда оқсаш ҳолатлари кузатиляпти. Олдиндаги ишлар бўйича позитив кайфиятдаман. Оптимистик ҳолатда фикр билдиряпман ва биз ривожланишимиз керак. Бунинг учун барча имкониятимиз бор.
Албатта, биринчи таймда рақибимиз қўпол хатоларимиздан фойдаланиши мумкин эди ва бу борада устунлик қилдилар. Иккинчи бўлимда ўйинимизни қўлга олдик ва камроқ хатолар қилдик. Ўйинда яхши ва ёмон элементларни кўрдим. Биздан талаб қилинадиган нарса шуларни устида ишлашимиз керак. Яна бир нечта ўртоқлик ўйинлари орқали ушбу хатоларимизни ёпиб кетишга ҳаракат қиламиз", - дея фикр билдирди, Бёргер.
Александр Хомяков (“Андижон” бош мураббийи):
"Ҳа, бу бизнинг ушбу йиғинимиздаги дастлабки ўйинимиз. Биринчи учрашув учун нормаль ҳолат. Биринчи бўлимда янги келган йигитларни кўриб олдик. Жамоамиз аъзоларининг бир-бирларини тўлиқ тушуниб, жамоавий ўйнашлари учун ҳали бироз вақт бор. Умуман олганда, қониқиш ҳосил қилдим. Қаердадир ташаббусни бериб қўйдик, аммо кўпроқ тўпга эга чиқдик. Ҳали ишлашимиз керак, асосийси, жамоамизда потенциал бор.
Ҳозирча легионерлар жамоага тўлиқ киришиб кетишгани йўқ. Умид қиламанки, кейинги ўйинга янада яхшироқ ўйин кўрсатишлари керак. Улар савияли ўйинчилар. Фақат функционал ҳолатини яхшилаш керак, умуман олиб қараганда ёмон эмас.
Руминия жамоасини тажовузкорлиги ва чидамлилиги кўринди. Улар ҳам ёмон эмас. Футболчилари ўз жойларини алмашиб ҳаракатланишди. Менимча, иккинчи бўлимда қизиқарли ўйин бўлди. Асосийси, жамоамизнинг ҳолатини ва хатоларимизни кўриб олиб, улар устида ишлаш эди. Бу томондан яхши ўйин бўлди", - деди Хомяков.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар