"Андижон"нинг июнь ойидаги энг яхши футболчиси аниқланди
“Андижон” клуби ўзининг анъанасига содиқ қолган ҳолда ойнинг энг яхши футболчисини аниқлаш жараёнини ўтказиб келмоқда.
Маълумки, июнь ойида жамоамиз учта ўйин ўтказди. “Янгиер”, “Хоразм” ва “Арал Самали”га қарши беллашувларда иккита ғалаба ва бир дуранг қайд этилди. Ҳар бир учрашувдан кейин эса мухлислар ўртасида энг яхши ўйинчини аниқлаш учун овоз бериш йўли орқали сўровномалар ўтказиб келдик.
Натижада июнь ойининг энг яхши футболчиси ҳам аниқланди. Унга кўра, 936 овоз тўплаб, Фарҳод Соҳибжонов “Андижон”нинг июнь ойидаги энг яхши футболчисига айланди. Иккинчи ўрин Шаҳбоз Эркиновга насиб қилди. Унинг ҳисобида 821 та овоз мавжуд. Кучли учликни Абдураҳмон Комилов 819 овоз билан якунлаб берди.
Бугунги машғулотдан олдин бош мураббий Виктор Кумиков Фарҳод Соҳибжоновга энг яхши футболчи статуэткасини топширди.
Мавсумнинг иккинчи қисмида нафақат Соҳибжоновдан балки, бутун жамоамиздан янада шиддатли, ишончли ва ғалабали ўйинларни кутиб қоламиз.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар