"Андижон"нинг ўйини менга ёқди, олдимизга бундай мақсад қўймасак нотўғри бўлади, Жанубий Америка термаларига қарши ўйинлар ўзимга ҳам қизиқ" - Равшан Ҳайдаров билан суҳбат

Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Тожикистонда ўтадиган “CAFA” мусобақаси учун тайёргарлигини давом эттирмоқда. Бош мураббий Равшан Ҳайдаров ёш футболчиларни ҳар жиҳатдан пухта тайёрлаяпти.

Шу мақсадда про лига етакчиларидан бири “Андижон”га қарши назорат учрашуви ўтказилди. 2:1 ҳисобида терма жамоа ғалабаси билан якунланган баҳсдан сўнг Равшан Ҳайдаров йиғин ва режалар хусусида фикр билдирди.

- Равшан Акмалович, терма жамоангизнинг “Андижон”га қарши ўйини сизга ёқдими?

- Албатта, бу учрашув балки ҳаво бироз салқин бўлганигами, анча юқори темпда ўтди. Бунда “Андижон”нинг ҳиссаси бор. Айниқса, биринчи бўлимда ўйин темпини беришди. Бизникилар ўша темпда ўйнаш учун курашишди. Ўйлайманки, жуда яхши ўйин бўлди, айниқса биз учун. Сунъий майдонда машғулотлар ўтказиб юргандик. Биринчи ўйинимизни ўтказдик. Тожикистонда ўтказиладиган CAFA мусобақаси сунъий майдонларда бўлиб ўтади. “Андижон” клуби ва бош мураббийи Виктор Балютович Кумиковдан ушбу ўйинга рози бўлгани учун миннатдорман. Чунки ҳамма жамоа ҳам бизга сунъий майдонда спарринг-рақиб бўлишни хоҳлашмади. Ўйинни чиройли ва сифатли ўтганидан хурсандман. “Андижон” учун ҳам, биз учун ҳам ниҳоятда фойдали учрашув бўлди.

равшан хайдаров

- Ушбу ўйиндан келиб чиқиб, “Андижон”нинг про лигадаги иштироки ва имкониятини қандай баҳолайсиз?

- “Андижон” жамоаси менга жуда ёқди. Айниқса, биринчи бўлимда. Албатта, катта “нагрузка”лар, машғулотлар ва кетма-кет ўйинлар остида тўп суриш осон эмас. Иккинчи бўлимда таркибда ўзгаришларни амалга оширдим. Ўйин темпини оширганимизда бизда бироз ташаббус бўлди. Лекин “Андижон”да барқарорлашган жамоавий ўйин йўлга қўйилган. Кумиковни биламиз, унинг стандартлари ҳар доимгидек хавфли. Ўзи “Андижон” Суперлигага мос жамоа. Имконияти жуда яхши. Бу йўлда Суперлигага чиқишини тилаб қоламан.  

- “CAFA” турнирида мақсад қандай бўлади? Натижа асосий вазифага айланадими ёки...

- “CAFA” – бизнинг Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёнимиздаги босқичларидан бири. Бундай турнирларда футболчиларга ғолиблик руҳини сингдириб, ҳар бир ўйин, ҳар бир мусобақада ғолиб чиқиш истагини кучайтириш биз учун зарур. Ҳатто оддий ўйин бўлса ҳам ўйинчиларимизда ўша ғолиблик руҳини оширишимиз керак ва шунга ўрганишимиз даркор. Албатта, “CAFA”да ҳам мусобақани ютишдек максимал вазифамиз бор. Олдимизга бундай мақсад қўймасак нотўғри бўлади.

равшан хайдаров2

- Сентябрь ойида терма жамоангиз Уругвайда мезбон терма жамоа ва шунингдек, Бразилия ҳамда Аргентина U-20 терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Бу қандай ташкил этилди? Уларга қарши ўйинлар бўлишини ўзингиз хоҳладингизми?

- Халқаро бўлимидаги ходимлар ишлашяпти. Бизга вариантларни бериб туришди. Албатта, бундай турнирда иштирок этишимиздан жуда хурсандмиз. Бу каби таклифдан фойдаланмаслик нотўғри бўларди. Жанубий Америка жамоаларига қарши учрашувлар бизнинг “CAFA”дан кейинги иккинчи турниримизга айланади. У ерда бундай рақиблар билан ўйнаш ҳар доим ҳам насиб қилавермайди. Ушбу турнирда қатнашишга катта маблағ кетишига қарамай, раҳбарият бизни қўллаб-қувватлаб, мусобақада иштирок этишимизни таъминлашмоқда. Бунинг учун раҳбариятга миннатдорлик билдирамиз.

- Тўғри, жуда кучли термаларга қарши ўйинлар биз учун фойдали. Бош мураббий сифатида бундай юқори даражадаги рақибларга қарши учрашувлардан нима кутяпсиз?

- Аввало, бу ўзимга ҳам қизиқ. Бизнинг футболчиларимиз Жанубий Америка жамоалари фонида қандай кўринаркин? Шуни кузатиш менга ҳам қизиқарли туюляпти. Ўз ўйинимизни мана шундай кучли рақобатда кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

равшан хайдаров1_4

- Ушбу таркиб якунийсими ёки яна жалб этиладиган футболчилар борми?

- Таркиб ўзагини ажратиб олганмиз. Лекин яна ўйинчилар бор, кўрикка келаётган йигитлар ҳам бўляпти. Масалан, бугунги учрашувнинг биринчи бўлимида кўрикка келган футболчилардан бир нечтаси ўйнади. Имконият ҳаммага берилади. Клубида, чемпионатда ўзини кўрсатаётган ва майдонга туширилаётган шу ёшдаги йигитлар назоратимиз остида. Бу йиғинга 25 нафар футболчи таклиф қилинган. Ҳозир шулар билан тайёргарлик кўряпмиз.

- Умарали Раҳмоналиевга четдан таклифлар бор. Сизнингча, у “Бунёдкор”да қолгани яхшими ёки легионер сифатида хорижга кетса сиз учун ҳам маъқулми?

- Умарали ҳали ёшроқ, деб ўйлайман. Назаримда, яна бир чемпионат қолиши керак. Чунки Раҳмоналиев ҳали халқаро мусобақаларда қатнашмаган. Албатта, терма жамоамиз олдида турган халқаро ўйинлар уни яна юқори даражага кўтаради, деб ўйлайман. Албатта, қандай қарор қабул қилишни, клуби, ўзи ва ота-онаси ҳал қилади. Аммо унга яна бироз халқаро даражадаги ўйинлар керак. Чунки у ўсадиган, иқтидорли бола. Бундай учрашувлар футболчини янада юқори ҳолатга олиб чиқади, деб ўйлайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!