"Андижон"нинг йиғини қандай ўтмоқда?
Хабарингиз бор, “Андижон” клуби Хонободда машғулотларни давом эттиряпти. Мураббийлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатини янада яхшилашга эътибор қаратишган. Олдинда эса андижонликларни чемпионат доирасида етакчи жамоаларга қарши қийин ўйинлар кутиб турибди.
Жамоанинг турнир жадвалидаги мавқеини тиклаш мақсадида чемпионатда юзага келган танаффус айни муддо дейиш мумкин. Чунки хато ва камчиликлар устида ишлаш учун вақт бор.
Яқинда “Андижон” бош мураббийи Ёрқин Назаров sports.uz сайтига берган интервьюсида йиғин пайтида ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши ва бу орқали жамоа ўйинини ҳозиргидан-да яхшироқ даражага олиб чиқиш кўзда тутилгани ҳақида айтганди.
Шу мақсадда кеча “Қўқон-1912”га қарши назорат ўйини ташкил этилди. Ушбу беллашувда “Андижон” 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Дониёр Абдуманнопов жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди. Ушбу баҳсда Пламен Димов, Мартин Боаке, Жасур Жалолиддинов каби етакчилар майдонга тушгани йўқ.
Бундан ташқари, “Аниджон” Қирғизистон клуби билан ҳам ўртоқлик учрашувида қатнашади. Ушбу ўйин тез орада Андижонда ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, “Андижон” жамоасини 20 июнь куни 10-тур доирасида меҳмонда “Насаф”га қарши оғир беллашув кутяпти.
Фикрлар