Андрей Абдувалиев: Радзивил 2 метрга сакрашга тайёр эди
Маълум қилганимиздек, айни кунларда пойтахтимизда енгил атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг "Токио-2020" якунлари ва янги Олимпиада цикли учун стратегик режалари муҳокама қилинди.
Федерация биносида ўтган йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, Қўмита раисининг ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Андрей Абдувалиев бошчилигидаги Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мутасаддилари, мураббий ва ҳакамлар иштирок этишди.
Тақдимот аввалида сўнгги йиллар юртимизда йўлга қўйилган “Save Aral” ва “Navruz” халқаро марафонлари сабаб ҳамюртларимиз орасида спортнинг янада оммавийлашгани алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг Токио сарҳисоби ва янги режалар муҳокамасига ўтилди.
“Токио-2020" циклида Олимпиада нормативлари жуда баланд белгиланди. Шу боис ўзимиз 6-9 орасидаги йўлланмани мўлжаллаётган эдик. Тўғри, Рио-2016 билан солиштирганда (16 та) бу жуда кам. Ҳозир терма жамоада авлодлар алмашинуви кечаётгани боис муаммолар учраб турибди. Атлетларимиз орасида Светлана Радзивилдан умидимиз катта эди. Тайёргарлик давридан кейин унинг 2 метрга сакрашига ҳам ишонгандик. Бироқ мусобақага қисқа фурсат қолганда келгани, натижада иқлим ва вақт минтақасига тўлиқ мослаша олмагани унга панд берди”, – деди Андрей Абдувалиев.
Йиғилиш давомида ҳар бир спортчимизнинг иштироки бирма-бир кўриб чиқилиб, хато ва камчиликлар муҳокама қилинди. Федерация раисининг маълум қилишича, "Париж-2024" циклининг дастлабки даври учун 40 нафарга яқин спортчи саралаб олинган. Суҳбатда уларнинг бўлажак Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш имкониятлари, бунинг учун керакли шароитларни яратиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Манба: olympic.uz
Фикрлар