Андрей Фёдоров: Қатарга ижобий натижа учун келганмиз
Ads

"B" гуруҳида кураш олиб бораётган "Локомотив" бу йилги ОЧЛни ғалаба билан бошлади. Жамоа ўз майдонида "Ал Ваҳда"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Энди эса "темирйўлчилар"ни яна бир муҳим баҳс кутмоқда. Жамоа эртага Қатарнинг "Ал Райан" клуби меҳмони бўлади. Ўйиндан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Андрей Фёдоров ҳамда тажрибали ҳимоячи Анзур Исмоилов иштирок этди.

- Бу ерга ташриф буюрганимиздан мамнунмиз. Ҳозирча ҳаммаси жойида. Эртага ҳар икки жамоани муҳим баҳс кутиб турибди. Биз яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Якуний ҳисоб қандай тугашини эса билмайман. Мен фақат яхшисидан умид қиламан. Биз бу ерга ижобий натижа билан қайтиб кетиш мақсадида келганмиз, - дея фикр билдирди Андрей Витальевич.

- Рақиб жамоа ҳақида қандай фикрдасиз?
- "Ал Райан" кучли клуб деб ўйлайман. Уларнинг биринчи ўйинда 1:5 ҳисобида ютқазиб қўйгани жамоанинг кучсизлигини билдирмайди. Мен ўша ўйинни кўрдим ва айтишим мумкин, "Ал Райан" ёмон таассурот қолдирмади. Фақат айрим вазиятларда жамоадан омад юз ўгириб рақибнинг ҳар бир зарбаси голга айланаверди.

- Рақибда бош мураббий ўзгарди. Бу "Локомотив" фойдасига ишлаши мумкинми?
- Қачонки жамоада бош мураббий ўзгарса кейинги ўйинда нима кутишингни билмайсан. Жамоа ё сюрприз кўрсатиши, ёки янада ёмон ҳаракат қилиши мумкин. Мен "Ал Райан" ичида эмасман, шу боис жамоадаги вазият ҳақида гапира олмайман. Бош мураббий алмашгани бизнинг фойдамизга ишлайдими-йўқми, буни эртага билиб оламиз.

- "Локомотив" аввалги иккита ўйинда тезкор гол урди ва ғалаба қозонди. Эртага яна шундай бўлишига умид қиляпсизми?
- Тезкор гол уриш яхши албатта. Лекин тезкор гол урган билан йирик ҳисобда ютмадик. Асосий ҳар икки баҳсни ғалаба билан якунладик. Эртага ҳам тезкор тўп киритиб якунда уч очколи бўлсак, бундан фақат хурсанд бўламан.

Анзур Исмоилов: - Эртага қизиқарли баҳс кутиб турибди деб айта оламан. Осиё чемпионлар лигасида осон ўйиннинг ўзи йўқ, ҳар бир баҳс ўзига яраша босим остида ўтади. Мухлислар биздан фақат ижобий натижа кутишмоқда, шундай экан уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Биз ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўз ўйинимиз деганда майдон бўйлаб шунчаки югурмаймиз, балки тўп билан кўпроқ муомалада бўлишга ва ўйинни ўз назоратимизга олишга ҳаракат қиламиз.