Андрей Канчельскис Россия клубларини кучайтирадиган ўзбек футболчиси кимлигини айтди
Юртимиздаги хусусий клиникалардан бирида коронавирусдан даволанаётган “Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис бўш вақтидан фойдаланиб, россиялик журналистларга интервью берди. Турли мавзудаги суҳбат давомида тажрибали мутахассис премьер-лигадаги легионерларимиз ва миллий чемпионатимизда Россия клубларини кучайтиришга қодир футболчилар борлиги ҳақида ҳам гапирди.
- Сиз “Спартак”да дебютини ўтказган Остон Ўруновнинг имкониятларини “Локомотив”нинг янги футболчиси Жасур Жалолиддиновдан юқори баҳолар экансиз...
- Албатта. Жалолиддинов ҳам техникаси яхши футболчи. Тўпни ўзида олиб юришни хуш кўради. Дриблинги ҳам бор. Менинг фикримча, айни пайтда Жасур Россия премьер-лигаси учун бироз хомлик қилади. “Локомотив”даги рақобатни енгиб ўтиш, унга жуда қийин бўлади. Остон эса жисмоний жиҳатдан ундан анча кучли, бўйи 20 сантиметрга баландроқ, бақувват. Умуман олганда эса, Ўрунов футболчи сифатида тўла шаклланиб бўлган. 18 ёшли Жалолиддинов ҳақида бундай дея олмайман.
- Юрий Белоус Жасурни Жоау Мариудан кучли эканини айтди.
- Қўрқмай айтилган баёнот. Лекин бир табассумдан бошқасига ярамайди.
- Бугунги кунда Ўзбекистон чемпионатида Россия клубларини кучайтира оладиган футболчи борми?
Менга Жалолиддин Машариповнинг ўйини жуда ёқади. Зўр ҳужумкор футболчи. “Пахтакор”нинг етакчиларидан бири. Яқинда уни Қатарга чорлашган эди. Лекин клуб қўйиб юбормади.
Суперлиганинг юқори бешлигидаги жамоалар сафида ҳам кучли футболчилар бор. Агар улардан бири Россияга бориб, премьер-лигада Элдор Шомуродов ва Остон Ўрунов даражасида ўйнаб кетса, бунга ҳеч ҳам ажабланмайман.
Дарҳақиқат, россиялик журналистлар ўзбек футболига боғлиқ ва миллий футболимиздаги вазиятни яхши биладиган мутахассислар билан суҳбатлашганда, доимо Россия клубларида ўйнай оладиган истеъдод эгалари ҳақида алоҳида сўраб-суриштиради. Яқинда "Спартак"да ўйнаган моҳир ҳужумчи Жаъфар Ирисметов ҳам россиялик журналистларнинг шу саволига жавоб берар экан, ўзи фаолият юритаётган "Пахтакор"да бундай футболчилар кўплигини таъкидлаган эди. Ирисметов биринчи навбатда, "шерлар" ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков ўйин бобида Остон Ўруновдан қолишмаслигини айтганди.
Россияликларнинг ўзбек футболчиларига қизиқиши бежиз эмас, албатта. Чунки мустақиллик йилларида Россия футболида ўзини кўрсата олган Миржалол Қосимов, Валерий Кечинов, Андрей Пятницкий, Андрей Фёдоров, Одил Аҳмедов, Виталий Денисов каби ўзбекистонлик чарм тўп усталарини россиялик мухлислар ҳамон ҳурмат билан тилга олади.
Фикрлар