Андрей Канчельскис стадион майсаси, бўлажак ўйин ва мухлислар борасига гапирди

Бугун "Навбаҳор" жамоаси аъзолари жорий мавсумдаги илк машғулотни “Марказий” ўйингоҳ майдонида ўтказишди. Клуб матбуот хизмати машғулот якунига етгач, “лочинлар” устози Андрей Канчельскисдан чими янгиланган майдон ва бўлажак ўйин борасида интервью уюштирди.

- Майдон жуда ажойиб ва унга гап бўлиши мумкинмас. Фурсатдан фойдаланиб, бизга шундай сифатли ҳамда ажойиб майдонни туҳфа этган клуб раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Раҳбарлар буюк ишни амалга оширишди. Барча нарса аъло бўлса, ҳаммаси яхши бўлади.

Бўлажак ўйинга тайёргарлик борасида тўхталадиган бўлсам, ўзингизга маълум, ортда қолган 2 ой давомида асосан сафарда ўйнадик, яъни уй учрашувларини Фарғонада ўтказишга мажбур бўлдик. Шундай экан, жорий мавсумдаги ўз майдонимизда ўтказиладиган илк баҳсни интизорлик билан кутяпмиз. Умид қиламанки, 4 май куни мухлислар стадионни тўлдириб ўтиришади.

Тайёргарлик одатдагидек, режа бўйича давом этмоқда. Биз учун ҳар ўйин жуда муҳим аҳамиятга эга. Бўлажак баҳсда ғалаба қозониб, 3 очкони қўлга киритиш ниятидамиз.

Тўртинчи май кунги ўйинда мухлисларга байрам кайфиятини улашиш ниятидамиз. Ҳар бир ишқибоз биз учун муҳим саналади, - деди мураббий.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!